“Фалончи танишим бор” деганлар замони қачон тугайди?!
Асрлар давомида дунёнинг деярли барча давлатлари коррупцияга қарши кураш олиб бормоқда. Чунки коррупция оддий қонунбузарлик эмас, давлат тараққиётини секинлаштирувчи, адолат тамойилларини емирувчи, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини синдирувчи энг хавфли иллатлардан биридир. Энг ачинарлиси, бу муаммо айрим ҳолларда жамиятда оддий ҳолдек қабул қилинмоқда.
Аслида коррупция фақат катта мансабдорларнинг миллионлаб пулларни ўзлаштириши эмас. У кундалик ҳаётдаги жуда “оддий” кўринадиган ҳолатлардан бошланади. Боғчадаги тарбиячига фарзандга кўпроқ эътибор қаратиши учун совға бериш, мактабда олдинги партага ўтириши ёки яхши баҳо олиши учун “илтимос қилиш”, шифокор беморга “чин дилдан” қараши учун чўнтагига пул солиш, ишга киришда таниш-билиш қидириш - буларнинг барчаси коррупциянинг илдизидир.
Кўпчилик “ҳамма шундай қилади”, “бошқача илож йўқ” деган фикр билан ўзини оқлайди. Аммо шу кичик ҳолатлар кейинчалик катта жиноятларга йўл очади. Бугун устозга “совға” беришни одатий ҳол деб билган бола эртага лавозимга келгач, порани ҳам табиий ҳол деб қабул қилиши мумкин.
Сўнгги пайтларда мамлакатимизда кетма-кет коррупцион жиноятлар фош этилгани бу иллатнинг қанчалик чуқур илдиз отганини яна бир бор кўрсатди. Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема бунга яққол мисол бўла олади. Тергов давомида айрим собиқ мансабдорлар ва воситачилар фуқаролардан ноқонуний равишда миллионлаб доллар йиғгани маълум бўлди. Одамлар эса хорижда ҳалол меҳнат қилиб оиласини боқиш умидида бор-будини сотиб, қарзга кириб пул берган.
Бу ерда энг оғриқли жиҳат, инсонларнинг орзуси ва ишончи сотилганидир. Кимдир фарзандининг келажаги учун уйини гаровга қўйган, кимдир йиллар давомида йиғган маблағини топширган. Натижада эса айрим нопок кимсалар инсонларнинг умидини бойлик орттириш воситасига айлантирган.
Ёки Самарқанддаги ҳолатни олайлик. Оддий тадбиркордан “муаммони ҳал қилиб бериш” эвазига минглаб доллар талаб қилинмоқда. Бу ерда пора фақат пул олиш эмас, тадбиркорнинг меҳнатини, вақтини ва ишончини талашдир. Чунки ҳалол ишлаб, солиқ тўлаб турган инсон ноқонуний талаб сабаб яна ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда.
Банк тизимидаги ҳолатлар эса янада хавфли. Инсон банкка пулини ишониб топширади. Агар ўша омонат ҳам сохта ҳужжатлар билан ўзлаштирилса, одамларнинг молиявий тизимга бўлган ишончи ҳам буткул йўқолади.
Бухорода ҳоким ўринбосарининг пора билан қўлга олиниши ҳам ачинарли ҳолат. Бундай мансаб аслида халққа хизмат қилиш учун берилади. Аммо айримлар лавозимни бойлик орттириш воситасига айлантирмоқда. Сув масаласида қийналган фермер ёрдам сўраб мурожаат қилади, бироқ унинг муаммосидан фойдаланиб пул талаб қилинади. Бу оддий жиноят эмас одамларнинг ризқига хиёнатдир.
Яна бир хавфли жиҳат, коррупциянинг аста-секин инсонларнинг онгида “қадрият”га айланиб боришидир. “Шундай қилмаса иш битмайди”, “ҳамма қилади”, “озгина миннатдорчилик-ку” деган қарашлар иллатни янада кучайтиради. Ваҳоланки, поранинг “кичиги” бўлмайди. У қандай ном билан аталмасин, моҳиятан барибир поралигича қолаверади.
Динимизда ҳам пора қатъий қораланади. Ҳадисларда пора берувчи ҳам, олувчи ҳам, воситачи ҳам лаънатлангани бежиз эмас. Чунки пора инсонни ҳалолликдан узоқлаштириб, виждонини ўлдиради. Инсон бундан вақтинча фойда кўриши мумкин, аммо барибир бир кун қилмиши олдида жавоб беради. Халқимиздаги “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деган мақол ҳам айнан шу ҳақиқатни англатади.
Бугун коррупцияга қарши кураш фақат ҳуқуқ-тартибот органларининг вазифаси эмас. Бу ҳар бир фуқаронинг масъулияти. Ота-она фарзандига ҳалолликни ўргатмаса, устоз адолатни сингдирмаса, жамият ўзи бу иллатга қарши турмаса, фақат жазолар билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Коррупцияга қарши кураш аввало оиладан бошланиши керак. Бола “ишга кириш учун таниш керак” деган гапни эмас, “меҳнат қилсанг эришасан” деган тушунчани эшитиб улғайиши лозим. Шундагина жамият аста-секин ўзгаради.
Энг муҳими, инсон ўз вазифасини ҳалол бажарса, топган нони баракали бўлади. Мансаб вақтинчалик, бойлик ўткинчи. Аммо иззат, обрў ва халқ ҳурмати йиллар давомида қолади. Омма олдида шарманда бўлиб, пушаймонда яшагандан кўра, камтарона бўлса ҳам ҳалол меҳнат билан кун кўриш минг бора афзал!
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА