Шахсни ногиронлик белгиларига кўра камситганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Қонун лойиҳаси билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида янада мустаҳкамлаш, уларнинг одил судловдан тўлиқ ва тенг фойдаланишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини манзилли ва самарали ташкил этиш назарда тутилмоқда, — деди депутат С.Убайдуллаева. — Хусусан, лойиҳада “Ижтимоий реестр”га киритилган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда. Яъни, ижтимоий хизматлар, нафақалар, имтиёзлар ва бошқа кафолатлар “Ижтимоий реестр”га киритилган оилаларга тақдим этилади. Бундан ташқари, Солиқ кодексига ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашни рағбатлантирувчи қатор имтиёзлар киритилмоқда. Жумладан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланмоқда. Ногиронлиги бўлган ходимларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ айрим харажатларни солиқ базасидан чегириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилаётган корхоналар учун, мол-мулк ва ер солиғи бўйича қўшимча енгилликлар бериш таклиф қилинмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига ортиқча тўланган нафақаларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланяпти.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бир қатор таҳририй ва юридик тузатишлар киритилди, айрим нормалар депутатларимизнинг таклифлари асосида такомиллаштирилди. Хусусан, қонун лойиҳасининг номи, ундаги бир қатор моддалар ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштирилди. Шунингдек, шахсни ногиронлик белгиларига кўра камситганлик учун жиноий жавобгарлик белгилашга оид норма ҳам такомиллаштирилди, — деди депутат.
Муҳокамаларда бир қатор савол ва таклифлар ўртага ташланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун қўшимча имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланиб, иккинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА