Давлат раҳбарининг халқаро майдондаги ташаббуслари эътироф этилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, парламент назорати фаолиятига оид масалалар муҳокамаси режалаштирилган.
Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов давлатимиз раҳбарининг муҳим халқаро анжуманлардаги иштироки ва уларда илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 май куни Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитидаги иштирокига тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, мазкур саммитда Ўзбекистон раҳбари глобал технологик жараёнларни инобатга олган ҳолда ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш лозимлигини таъкидлади. Мазкур ташаббус квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилашга хизмат қилади. Шунингдек, минтақавий маълумотлар алмашинувини таъминловчи “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрида ТДТ аъзо давлатларининг Технологиялар форумини ўтказиш таклиф этилди.
Спикер таъкидлаганидек, Туркий давлатлар ташкилотининг мазкур саммити туркий давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Спикер Боку шаҳрида ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форуми ва унда Ўзбекистон Президентининг илгари сурган ташаббуслари ҳақида ҳам тўхталди. Мамлакатимизда шаҳарларни барқарор ривожлантириш, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ушбу йўналишга бюджет маблағлари ажратилаётгани, шунингдек, соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб борилаётганини эътироф этди.
М.Комилова,
ЎзА