Шахматчиларимиз “Turkic Individual Chess Championship 2026”да қатнашмоқда
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида “Turkic Individual Chess Championship 2026” мусобақаси бошланди.
Туркий давлатлар вакиллари ўртасидаги шахмат чемпионати ҳисобланган мазкур мусобақада 7 та давлат вакиллари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

Чемпионатнинг эркаклар гуруҳида Абдумалик Абдусалимов, аёллар гуруҳида Гулдона Каримова ва фахрийлар гуруҳида Иброҳим Каримов ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Мусобақанинг эркаклар ва аёллар гуруҳида 8 нафардан шахматчи икки даврали айланма тизимдаги 14 та турда баҳс олиб борса, фахрийлар гуруҳида 8 нафар шахматчи бир даврали айланма тизимдаги 7 турда куч синашади.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Венгрия, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари иштирокидаги мусобақалар 27 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА