Олмос мерос: Янги Ўзбекистоннинг янги шахмати
Тараққиёт йўлида залворли қадам ташлаётган Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар бир куни оламшумул ғалабаларга, кашфиётларга, воқеаларга бой бўлмоқда.
Шахматчиларимиз ўзларининг ғалабалари билан дунё аҳлини ҳайратга солаётган кунларда юртимизда яна бир донғини дунёга достон қилса арзийдиган воқеа юз берди. Қашқадарёлик хонанда ва шахмат мухлиси Алижон Исоқов шахмат илмини бойитиб, янги шахмат турини ихтиро қилди. У ўз ихтироси учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” Давлат муассасаси томонидан бериладиган муаллифлик хуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома олди.
![]() | ![]() |
|---|
Эрамиздан беш юз йиллар илгари бир донишманд ҳинд шоҳлар ўртасида бўлаётган тинимсиз урушларни олдини олиш мақсадида жанг ҳолатларини эслатувчи чатуранга ўйинини кашф қилди ва бу ўйин шоҳларни ўртадаги низоларни жанг майдонида эмас, тахта узра ҳал этишга чорлади. Қадимий ўйин чатранг, шатранг, шатранж, шахмат номлари билан бизгача етиб келди. Ўтган асрларлар давомида ўйиннинг номигина эмас, қоидалари ҳам ўзгариб, такомиллашиб борди.
Улуғ давлат арбоби ва саркарда Амир Темур (1336–1405) бобомиз даврида кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишди. Чунки Амир Темур бобомиз шатранжни севиб ўйнарди, қадрларди. Ҳатто оддий шатранж ўйинидан қаноат ҳосил қилмай ўша даврнинг кучли шатранжчиси Али аш-Шатранжий билан мураккаб саналган шатранжи кабирда (унда катаклар ва доналар сони анъанавий шатранждагидан кўпроқ бўлган) дона суришган. (Бу ҳақдаги маълумотларни пойтахтимизда 2026 йили очилган Ислом цивилизацияси марказидаги “Амир Темур шахмати” бўлимидаги ашёлар орқали билиб олишингиз мумкин).
Тарих чархпалаги айланишдан, шахмат дунё бўйлаб оммавийлашишдан тўхтамади. Ниҳоят, 1924 йил 20 июлда Парижда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) тузилиб, шахматнинг ягона қонун-қоидалари тасдиқланди. Деярли бир аср давомида шу қоидалар асосида шахмат ўйналди.
– Азалдан шахмат тахтаси жанг майдонига қиёсланади, – дейди янги шахмат ихтирочиси Алижон Исоқов. – Амир Темур бобомиз жанг майдонидаги ғалабаларни лашкар таъминотчилари таъминлайди деганлар. Шундай экан нега шахматда таъминотчи доналар йўқ? Анъанавий шахматга таъминотчи доналар қўшилса ўйин янада қизиқарлироқ бўларди деган фикр келди. Ҳар икки томонга тўрттадан таъминотчи доналар қўшдим ва уларнинг юриш қоидаларини белгиладим. Тахтадаги қаторлар сонини саккизтадан ўнтага етказдим. Янги шахматни биродарлар билан ўйнаб кўрдик, барчага манзур бўлди.
![]() | ![]() |
Янги шахматнинг таъминотчи доналари камарига Амир Темур бобомизнинг “Куч – адолатда!” ҳикмати ёзилган. Улар ёнга бир катак юради, лекин фақат қаршисида турган рақиб донасини уриб олиши мумкин.
Янги шахмат ихтирочиси тарғиботни давом эттирди. Ҳаваскорлар ўртасида янги шахмат бўйича мусобақалар уюштирди. Республика миқёсидаги мусобақаларда янгиликни уста шахматчиларга кўрсатди, уларда ажиб таассурот қолдирди. Самарқандда бўлган нуфузли мусобақаларда хорижлик гросмейстерларда ҳам янги шахмат катта қизиқиш уйғотди. Номдор жаҳон чемпионлари Магнус Карлсон (Норвегия), Вишванатан Ананд (Ҳиндистон) ва бошқа таниқли гроссмейстерлар муаллифни ихтироси билан табриклашди. Икки карра олимпиада чемпионларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров янги шахматда дона суришди. FIDE президенти Тимур Турлов, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев янги шахмат ҳақида илиқ фикрлар билдиришди.
– Анъанавий шахматда қоралар икки юришда мот қўйиши мумкин, – дейди икки карра олимпиада чемпионимиз Нодирбек Ёқуббоев. – Янги шахматда эса беш юришда мот қўйса бўлар экан. Бу янги шахмат анъанавий шахматдан икки ярим баравар кучлироқ эканини билдиради.
Техника ривожланган асрда янги шахмат тарғиботини жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги кўмагида янги шахматнинг онлайн талқини ишлаб чиқилди ва интернет тармоғига қўшилди. Nevchess.uz сайти хорижлик шахмат мухлислари эътиборини тортди. Ҳозиргача олтмишдан ортиқ давлат вакиллари янги шахматда ўз билимларини синаб кўришди. Хуллас, янги шахматимизга бўлган қизиқиш жаҳон миқёсида кун сайин ошиб бормоқда.
– Ниятимиз янги шахматни жаҳон миқёсида эътироф этилишига эришиш, – дейди Алижон Исоқов. – Бунинг учун таниқли гроссмейстерларни таклиф этган ҳолда Амир Темур хотирасига бағишланган нуфузли халқаро мусобақа ўтказишни режалаштиряпмиз. Шунда янги шахмат тезроқ дунё аҳли эътиборини қозонади.
Ҳозиргача янги шахмат қоидалари билан танишган ҳаваскорлар, шахмат усталари, гроссмейстерлар, мутасаддилар бу ўйиннинг теран мушоҳада юритишга, тафаккурни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлашмоқда. Ахир, Амир Темур бобомиз шатранжда эмас, хоналари ва доналари кўпроқ анчайин мураккаб саналган шатранжи кабирда бежиз дона сурмаган. Шундай экан, янги шахмат Амир Темур бобомиз бизга қолдирган олмос мерос. Биз бу меросни қадрлашимиз, ривожлантиришимиз ва жаҳон спорт турлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашига эришишимиз керак. Бу интеллектуал салоҳияти билан машҳур бўлган халқимизнинг шуҳратига шуҳрат қўшади.
Орзулар ушалаётган замонда яшаяпмиз. Ишончимиз комил, яқин йилларда янги шахмат бўйича расмий жаҳон чемпионати ўтказилади. Негаки, FIDE президенти Тимур Турлов, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев янги шахматни қўллаб-қувватлаш истагини билдиришган. Уларнинг ва шахмат фидойиларининг қўллаб-қувватлаши Янги Ўзбекистон янги шахматининг йўлини равон, шарафли манзилини яқин қилади.
Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист



