Шахматчи қизларимиз “Turkic Team Chess Championships 2026” мусобақасида 3-ўринни эгаллади
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Туркий давлатлар шахмат форуми доирасида эркаклар ва аёллар ўртасида “Turkic Team Chess Championships 2026” халқаро мусобақаси ўтказилди.
Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирок этган мусобақада эркаклар ва аёллар ўртасида жами 70 нафар спортчи дона сурди.
Халқаро турнирнинг аёллар гуруҳида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова муносиб ўйин намойиш этди.

Шахматчи қизларимиздан Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова ўтказилган 7 та тур баҳсларида бирон марта ҳам ютқазмади. Бу, ўз навбатида ҳамюртларимизнинг 8 очко жамғаришини таъминлаш асносида 3-ўринни қўлга киритишига олиб келди. Озарбайжонлик шахматчи хотин-қизлар 10 очко билан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, 2-ўрин 9 очколи Қозоғистон-1 жамоасига тегишли бўлди.
Мусобақанинг эркаклар ўртасидаги ўйинларида шахматчи ёшларимиздан Абдумалик Абдусалимов, Жаҳонгир Воҳидов, Ортиқ Нигматов ва Саидакабар Саидалиев Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.

Терма жамоамиз аъзолари 7 та турнинг 3 тасида ғалаба қозонди, 1 тасида дуранг қайд этди ва 2 тасида имкониятни бой берди. Ушбу натижа туфайли терма жамоамиз аъзолари 7 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 4-поғонадан жой олди.
Турнирда 9 очко жамғарган Қозоғистон-2 жамоаси 1-ўринни, 8 очколи Қозоғистон-1 вакиллари иккинчи ва ҳамюртларимиз сингари 7 очко тўплаган Озарбайжон терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА