Шахмат: Умида Омонова Осиё чемпионати совриндори
Гонгконг шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида рапид ва блиц йўналишлари бўйича ташкил этилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси совриндорлар қаторидан ўрин эгаллади.
14 давлатнинг 178 нафар шахматчиси иштирок этган нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини 3 нафар шахматчи ҳимоя қилган бўлса, улар орасида Умида Омонова блиц йўналишининг 13 та турида 9,5 очко жамғариб, Осиё чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.

Мамлакатимизнинг биринчи рақамли аёл шахматчиси Афруза Ҳамдамова ушбу йўналишда 9,5 очко жамғарган бўлса-да, қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 4-ўрин билан кифояланди.

Рапид йўналишидаги баҳсларда Умида Омонова 7,5 очко билан мусобақани 5-ўринда, Афруза Ҳамдамова 5,5 очко билан 24-ўринда якунлади.
Чемпионатнинг рапид йўналишининг эркаклар баҳсида дона сурган ҳамюртимиз Алексей Барсов 128 нафар қатнашчи орасида 6,5 очко билан 32-поғонани банд этди.
Т. Рўзиев, ЎзА