Шахмат: “Ўзбекистон” жамоаси бугун “WR Chess” билан 1/4 финалда куч синашади
Бугун, 21 июнь куни Гонгконгда шахмат бўйича жамоалар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг блиц йўналишида ғолиб ва совриндор жамоалар аниқланди.
Кеча жаҳон чемпионатининг блиц йўналишидаги дастлабки 11 та тур мусобақалари ҳамда 1/16 финаллари ўтказилди.
Турнирни бошлаган 48 та жамоадан атиги саккизтаси чемпионликка даъвогарлар орасида қолди, аксарият фаворитлар блиц турнирининг дастлабки синовидан муваффақиятли ўтди.
12 раундлик блиц турнири икки босқичли форматда — гуруҳ босқичи ва ундан кейин плей-офф ҳолатида бўлиб ўтди. 48 та жамоа ҳар бири 12 жамоадан иборат тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда баҳслашди.

“С” гуруҳидан жой олган Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров етакчилигидаги “Ўзбекистон” жамоаси “Hexamind”, “MGD1” ва “Sky Chess” шахматчилари билан гуруҳ босқичида муносиб ўйин намойиш этиб, турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаган ҳолда кейинги босқичга йўл олди.
Айтиш лозим, саралаш баҳсларини муваффақиятли якунлаб, 4-ўрин билан плей-оффга чиққан Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Муҳаммадзоҳид Суяров жой олган “Sky Chess” жамоаси 1/8 финалда “Mr Birdie and friends” жамоасига 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақадаги иштирокини якунлади.

Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров етакчилигидаги “Ўзбекистон” жамоаси Озарбайжоннинг “Odlar Yurdu” жамоасини иккита ўйин натижасига кўра, 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, 1/4 финал босқичига йўл олди.
Бугун жамоамиз Магнус Карлсен сардорлигидаги “WR Chess” жамоаси билан ярим финал йўлланмаси йўлидаги курашда тўқнаш келади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон” ва “WR Chess” жамоалари рапид баҳсларида ҳам ўзаро тўқнаш келганди. Жавоҳир Синдоров 1-тахтада қора доналарда Магнус Карлсенни мағлубиятга учратган ўша ўйинда томонлар 3:3 кўринишида дурангга имзо чекканди.
Т.Рўзиев, ЎзА