Норинлик ёш муайтайчилар жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этди
Наманганда сўнгги йилларда спортга улкан эътибор қаратилаётгани натижасида дунё ареналарида шоҳсупага кўтарилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда.
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида 16-21 июнь кунлари мактаб ўқувчилари ўртасида муайтай бўйича илк жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Дунёнинг қатор давлатларидан келган минглаб ёш спортчилар иштирок этган мусобақада Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб қатнашди.
Қувонарлиси, Наманган вилояти Норин тумани спорт мактаби тарбияланувчилари юқори натижалар қайд этиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Хусусан, С.Хатамов, М.Соҳибжонов, Турсуналиева ҳамда Д.Шералиев ўз вазн тоифаларида чемпионликни қўлга киритган бўлса, И.Одилов бронза медали соҳиби бўлди.
Мазкур натижалар спортчиларнинг изчил тайёргарлиги, матонати ҳамда мураббийлар меҳнатининг самараси сифатида баҳоланмоқда. Норинлик ёш спортчиларнинг халқаро майдондаги ушбу муваффақияти ўзбек муайтайи тараққиёти йўлидаги яна бир муҳим ютуқ бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА