Шахмат олимпиадаси: бугунги рақибларимиз Европа, Африка ва Осиё жамоалари
Бугун, 18 сентябрь куни Самарқандда давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Мазкур тур баҳсларида 102 та эркаклар жамоалари ўртасидаги мусобақалар ўтказилиши бўйича қуръа ташланди.
Унга кўра, Ўзбекистон-1 жамоаси Австрия, Ўзбекистон-2 Германия ҳамда Ўзбекистон-3 Марокаш вакилларига қарши дона суради.
[gallery-31495]
Бугун ўтадиган 3-тур ўйинларида шунингдек, АҚШ-Дания, Ҳиндистон-Италия, Хитой-Болгария, Нидерландия-Австралия, Швейцария-Озарбайжон, Қозоғистон-Франция жамоалари тўқнаш келадики, ушбу қарама-қаршиликлар шахмат ишқибозлари эътибор марказида бўлиши шубҳасиз.
Кеча ўтказилган 2-тур мусобақасида Ўзбекистон-1 жамоаси 3,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди. Шахматчиларимиздан Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов ғалабага эришган бўлса, Муҳиддин Мадаминов рақиби билан муроса йўлини танлади.
Жаҳонгир Воҳидов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Нигматов ва Хумоюн Бегмуратовдан иборат Ўзбекистон-2 жамоаси Жазоир жамоасини 4:0 ҳисобида доғда қолдирган вазиятда, Саидакбар Саидалиев, Баҳром Баҳруллаев, Алмас Раҳматуллаев ва Муҳаммадали Абдураҳмоновдан ташкил топган Ўзбекистон-3 жамоаси Германия жамоасига 1,5:3,5 ҳисобида имкониятни бой берди.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг хотин-қизлар мусобақаси 2-турида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан иборат Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси Эквадор шахматчи қизларини 4:0 ҳисобида енгди. Ўзбекистон-2 шахматчи қизлари Иордания жамоасини 3,5:1,5 кўринишида таслим этди. Дунёнинг энг кучли шахматчи қизлар жамоаларидан бири саналган Испания билан кураш олиб борган Ўзбекистон-3 жамоаси эса 1,5:2,5 кўринишида очко йўқотди
Шахмат олимпиадасининг 3-турида 94 та жуфтлик жамоалар рўбарў келса, Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси Индонезия билан, Ўзбекистон-2 вакиллари Испания билан, Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Саудия Арабистони жамоаси билан куч синашади.
Аёллар ўртасидаги Ҳиндистон-Греция, Қозоғистон-Словения, Туркия-Хитой, АҚШ-Куба, Эрон-Франция каби жамоаларнинг баҳси ҳам кўпчиликнинг назарини ўзига қаратиши тайин.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат шахмат олимпиадаси мусобақалари 27 сентябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, Алимурод Мамадаминов (суратлари), ЎзА