XX Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Спорт ишқибозларининг Осиё ўйинларига бўлган қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ушбу спорт беллашувлари мамлакатлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаб, қитъамизда спорт нечоғли ривожланиб бораётганини ифода этади.
Осиё Олимпия кенгаши шафелигида ўтказиб келинаётган Осиё ўйинларида қитъанинг 45 давлатидан 11 минг нафардан ортиқ спортчи иштирок этади. 16 кун давом этадиган мусобақалар спортнинг 43 тури ва 71 та йўналиш бўйича ўтказилиб, унда спортчилар 469 та баҳсда жами 1 минг 407 та медаль учун рақобатлашади.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли комплекс ўйинларида Ўзбекистон делегацияси спортнинг 42 тури бўйича баҳсларга киради. Шундан 36 таси олимпия, 6 таси ноолимпия спорт турларидир. Миллий терма жамоаларимиз таркибида 396 нафар спортчи – 224 нафар эркак ва 172 нафар аёл мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Спортчиларимиз соҳил волейболи, волейбол, елканли спорт, сквош ва ММА бўйича Осиё ўйинларида илк бор иштирок этади. Шунингдек, мусобақалар давомида камондан отиш, чим устида хоккей, теннис, серфинг, триатлон ва сквош бўйича «Лос-Анжелес–2028» ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар учун баҳслар ҳам бўлиб ўтади.
Шу нуқтаи назардан, «Аичи–Нагоя–2026» мусобақалари Ўзбекистон спортчилари учун навбатдаги Олимпия циклидаги муҳим халқаро стартлардан бири ҳисобланади. Унда терма жамоаларимизнинг «Лос-Анжелес–2028» ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнини синовдан ўтказиш, спортчиларнинг бугунги салоҳиятини баҳолаш ва халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун муҳим имконият яратилади.
Нагоя шаҳридаги «Paloma Mizuho» стадионида ХХ Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирнинг умумий концепцияси «HEART BEAT Aichi-Nagoya» деб номланиб, унда Аичи ва Нагоядан Осиёга тарқалаётган «юрак» тимсоли орқали спортчилар ва томошабинларни бирлаштириш ғояси ифодаланди.
Очилиш маросими «HARMONIC HEART BEAT» — «Уйғун юрак уриши» ғояси асосида ўтказилди. Унда турли мамлакатлар спортчиларининг ҳис-туйғулари ва интилишлари спорт майдонида бирлашиши рамзий тарзда намойиш этилди. Мазкур ғоя Осиё ўйинларининг «IMAGINE ONE ASIA» — «Ягона Осиёни тасаввур қил» концепцияси билан уйғунлашди.
Маросим давомида Аичи ва Нагояга хос жиҳатлар, «юрак» тимсоли ва юрак уриши садоси уйғунлигида турли саҳнавий ҳамда визуал композициялар намойиш этилди.
Маросимнинг муҳим қисмларидан бири мусобақаларда иштирок этадиган мамлакатлар спорт делегацияларининг паради бўлди.
Марказий стадионга Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган машҳур спортчиларимиз - бокс бўйича жаҳон чемпиони Тўрабек Ҳабибуллаев ҳамда қиличбозлик бўйича “Ханчжоу-2022” ёзги Осиё ўйинлари чемпиони Гулистон Пердебаева кириб келди. Байроғимиз ортидан одимлаётган спортчи қизларимиз, алпқомат йигитларимиз орасида нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз довруғини ёяётган Олимпия ва жаҳон чемпионлари, қитъада тенгсиз бўлган спортчиларимиз стадионга кириб келди. Уларнинг қаддини баланд тутиши ва ўз кучига бўлган ишончи янги марраларни забт этишга аҳд қилганидан далолат беради.
Стадионда қитъамизнинг 45 мамлакат спортчилари саф тортди.
Осиё ўйинлари мадҳияси янграб, XX ёзги Осиё ўйинлари байроғи кўтарилди. Спортчилар ва ҳакамлар қасамёд қабул қилди. Ўйинларнинг муваффақиятли ўтиши, халқлар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик рамзи сифатида машъалани ёқиш очилиш маросимининг энг ҳаяжонли дамлари бўлди.
Ушбу қитъа ўйинларида мамлакатимиз спортчилари улкан марраларни забт этиб, юрт байроғини янада юксакларга кўтаради дея уларга омад тилаймиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА