Шахмат олимпиадаси: 5-турда 5 та жамоамиз ғалабага эришди
Самарқандда давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 5-тур ўйинлари тарихга айланди.
Мазкур турнинг эркаклар мусобақасида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Венгрия вакилларини 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ғолибликка даъвогарлик мақомини мустаҳкамлаб олди.
Истеъдодли ёш шахматчиларимиз Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматов, Ҳумоюн Бекмуротовни жамлаган Ўзбекистон-2 жамоаси Филиппинни 2,5:1,5 кўринишида доғда қолдирган бўлса, Баҳром Баҳриллаев, Алмас Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Асроржон Омонов дона сурган Ўзбекистон-3 вакиллари Австрия жамоаси билан дуранг ўйнади.
Ортда қолган 5-тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Германия терма жамоалари 10 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 5 та жамоа 9, 21 та терма жамоа 8 очко билан уларни таъқиб этмоқда.
Эркаклар мусобақасида 202 та жамоа орасида Ўзбекистон-2 вакиллари 8 очко билан 17, Ўзбекистон-3 жамоасининг шахматчи ёшлари 7 очкога эга бўлган ҳолда 40-ўринни банд этган.
[gallery-31528]
Аёллар мусобақасининг 5-турида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан ташкил топган Ўзбекистон-1 шахматчилари АҚШ жамоаси билан муроса йўлини танлади. Ўзбекистон-2 жамоаси Тунис вакилларини 4:0, Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари эса Мадагаскар жамоасини 3,5 : 0,5 ҳисобида енгди.
Аёллар жамоалари орасида Польша, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон 10 очко билан пешқадамлик қилаётган вазиятда Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси 9 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 6-ўринни банд этиб турибди. Ўзбекистон-3 ва Ўзбекистон-2 жамоалари 6 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 44 ҳамда 48-қаторларда ҳаракатланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўйинлари 27 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА