Шахмат: Нодирбек Ёқуббоев “Green Hills Resort Masters 2026”да ғолибликка эришди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида шахмат бўйича ўтказилган “Green Hills Resort Masters 2026” турнирида маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев Нодирбек Абдусатторов, Рустам Қосимжонов ва россиялик, туркиялик ҳамда озарбайжонлик гроссмейстерларни доғда қолдирди.
Умумий мукофот жамғармаси 35 минг АҚШ долларидан иборат бўлган мазкур турнир учта гуруҳда ташкил этилди.
Нуфузли мусобақада Озарбайжон, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Ҳиндистондан 10 нафарга яқин, Ўзбекистондан эса 150 нафардан зиёд шахматчи дона сурди.

Мусобақанинг асосий тоифаси — “Masters” гуруҳида етакчи шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов, Рустам Қосимжонов, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, шунингдек, россиялик Владислав Артемиев, озарбайжонлик Шаҳриёр Мамедяров ва туркиялик Ягиз Каан Эрдоғмушдан иборат 8 нафар халқаро гроссмейстер рапид ва блиц йўналишларида айланма тизимда ўзаро баҳслашди.
9 та турдан иборат баҳслар якунига кўра, ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев 15 очко жамғариб, ғолибликни тантана қилди ва мусобақа низомига мувофиқ 5 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
14,5 очко билан 2-ўринни эгаллаган Нодирбек Абдусатторов 4 минг АҚШ долларини қўлга киритди. 13,5 очко билан 3-ўринни банд этган Владислав Артемиев 3 минг АҚШ долларига эгалик қилди.
“Masters” гуруҳида 4–8-ўрин соҳибларининг ҳар бирига 1 минг АҚШ долларидан иборат мукофот пуллари тақдим этилди.

Турнирнинг қолган йўналишларида ҳамюртларимиз Алмаз Раҳматуллаев ва Муҳаммадюсуф Баҳромов 1-ўринни банд этишди. Шунингдек, юртимизнинг ёш шахматчилари Абдумалик Абдусалимов, Саид Халилов, Сарвар Абдуахатов ҳамда озарбайжонлик Элтаж Сафарли совринли ўринларни банд этишди.
Т. Рўзиев, ЎзА