Шахмат: Жавоҳир Руминия турнирида совринли ўринларга даъвогарлик қила оладими?
Бугун, 21 май куни Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида 10 нафар энг маҳоратли гроссмейстер иштирокидаги “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг 7-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Унда ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров оқ доналарда 4,5 очко билан мусобақада етакчилик қилаётган германиялик Винсент Кеймерга қаршилик кўрсатади.
Мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг кеча якунланган 6-турида Синдоров қора доналарда ФИДЕ рейтингида 3-ўринда бораётган АҚШлик Фабиано Каруана билан муроса йўлини танлади. Ушбу турнинг қолган 4 та жуфтлигидаги ўйинларда ҳам шахматчилар дурангга имзо чекди.

Иккита турни жароҳати сабаб тўшакда ўтказган франциялик Алиреза Фирузджа мусобақани давом эттира олмаслигини маълум қилди. Бу, мусобақа низомига мувофиқ кейинги рақибларга тўғридан-тўғри техник ғалаба тақдим этилишига олиб келади.
Айтиш лозим, "Номзодлар турнири" ғолиби Жавоҳир Синдоров Фирузджа билан мазкур турнирнинг 5-турида дуранг ўйнаган эди.

7-тур баҳслари остонасида Жавоҳир 2,5 очко билан 8-поғонани банд этиб турибди. Руминиялик Богдан-Даниэль Дик 2 очко билан 9-ўринда ва Алиреза Фирузджа 1 очко билан сўнгги 10-ўринда турнирни якунлаши ойдинлашди.
Бугун ўтадиган турда Ж.Синдоров ғалаба қозонган тақдирда совринли ўринларга даъвогарликни давом эттириши мумкин бўлади. Баҳсда тенглик юз берса, кучли бешликдан жой олиш учун курашишга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат бўлган мазкур турнирда ғолибликка эришган шахматчи 100 минг, 2-ўрин соҳиби 65 минг, 3-ўрин 50 минг, 4-ўрин 35 минг, 5-ўрин 25 минг, 6-ўрин 20 минг, 7-ўрин 18 минг, 8-ўрин 15 минг, 9-ўрин 12 минг ва охирги 10-ўриндан жой олган иштирокчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА