“Samarkand Marathon 2026” да 60 дан ортиқ давлатдан спортчилар иштирок этади
Бугун Самарқандда “Samarkand Marathon 2026” халқаро хайрия югуриш мусобақаси бошланади.
Мусобақа олдидан марафон ташкилотчилари ва спортчилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси марафонларни ташкил этиш бўлими бошлиғи, “Samarkand Marathon” туркуми раҳбари Мирхан Сагитов, бир неча карра жаҳон чемпионлари кениялик Леонар Барсотон, Рубен Нари, Диксон Кипроп, эфиопиялик Мамо Менгисту ва бошқалар Самарқанд марафони, бу йилги мусобақалардан кутилаётган натижалар ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
2019 йилдан буён Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ўтказилаётган ва дастлаб ярим марафон сифатида ташкил этилган, 2022 йилдан 42 километрлик масофа қўшилиб, тўлақонли марафонга айланган “Samarkand Marathon” халқаро мусобақаси нуфузи йил сайин ошиб бораётгани таъкидланди. Дастлабки ярим марафонда 25 давлатдан 1100 нафар иштирокчи қатнашган бўлса, бу йилги мусобақаларда 63 давлатдан 10 мингдан ортиқ атлет рўйхатдан ўтган. Улар орасида Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва йирик халқаро марафонлар ғолиблари ва иштирокчилари бор.
Эътиборлиси, “Samarkand Marathon” хайрия югуриш мусобақаси яқинда Бутунжаҳон атлетика федерациясининг “Elite Label” мукофотига сазовор бўлди ва “World Athletics Elite Label” мақомини олди.
Бу йилги Самарқанд марафонида бир неча бор Олимпия ва жаҳон чемпиони бўлган афсонавий спортчи британиялик сер Мо Фара меҳмон сифатида иштирок этиб, мусобақаларга старт беради ва ғолибларни тақдирлаш маросимларида иштирок этади.
Марафоннинг бугунги дастуридан 2 ва 5 километр масофаларга югуриш, 2 километр масофага скандинавча юриш, инклюзив югуриш, шунингдек, болалар учун Kids Run мусобақалари ўрин олган.
[gallery-32398]]
Асосий марафон иштирокчилари 8 ноябрь куни 42,2 километр, ярим марафон иштирокчилари 21,1 километр масофани босиб ўтади, шунингдек, 10 километр масофага югуриш мусобақаси ҳам ўтказилади.
Марафон бошланиши ва марра Регистон майдони этиб белгиланган. Иштирокчилар Самарқанд тарихий-маданий ёдгорликлари атрофидан ўтган югуриш йўлакларида ҳаракатланади.
Бу йили марафондан тушган маблағ мамлакатимиз ҳудудларида болалар спорт майдончалари ташкил этишга йўналтирилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари