Шахмат: Абдусатторов Магнус Карлсен билан куч синашади
Самарқандда муросасиз баҳслари билан дунё эътиборидаги 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси жараёнида Халқаро шахмат федерацияси жорий йилнинг 10-20 ноябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапештда ўтадиган “Total Chess World Championship Tour-2026” мусобақасида қатнашадиган шахматчилар рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, мазкур мусобақада дона сурадиган 24 нафар дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари номи маълум бўлди.
Биз учун эътиборлиси, Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Уэсли Со, Винсент Кеймер, Арджун Эригайси, Аниш Гири, Алиреза Фирузджалар қаторида Ўзбекистон терма жамоаси сардори Нодирбек Абдусатторов рўйхатнинг 5-қаторида эътироф этилди.

2027 йилги жаҳон чемпионати саралаш мусобақаларининг дастлабки халқаро турнири саналадиган “Total Chess World Championship Tour-2026” баҳсларида, шунингдек, Левон Аронян, Лием Ле, Жорден ван Форест, Абхиманью Мишра, Шахриёр Мамедьяров, Эндрю Хонг, Бибисара Асаубаева, Вайшали Рамешбабу сингари номдорлар қатнашиши тасдиқланди.
Шу ўринда айтиш лозимки, Нодирбек Абдусатторов сингари 15 нафар энг кучли шахматчилар “Total Chess World Championship Tour-2026” баҳсларидан олдин, яъни жорий йил 3-15 октябрь кунлари Халқаро шахмат федерацияси ва Норвегия шахмат федерацияси ҳамкорлигидаги ўтказиладиган синов мусобақасида иштирок этади.
Ушбу турнирда Абдусатторовдан ташқари эркаклар ва аёллар ўртасидаги амалдаги жаҳон чемпионлари Гукеш Доммараджу ва хитойлик Цзю Вэньцзюнь, шунингдек, Магнус Карлсен, Владислав Артемьев, Арджун Эригаиси, Максим Вашье-Лаграв, Хикару Накамура, Фабиано Каруана, Винсент Кеймер, Аниш Гири, Алиреза Фирузджа, Рамешбабу Праггнанандха, Вэй И, Уэсли Со ва Вишванатан Анандга иштирок этиш таклифномаси тақдим этилган.
Т. Рўзиев, ЎзА