Шавкат Мирзиёев шахматчилар, устоз ва мураббийларга давлат мукофотларини топширди
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Куни кеча Президентимиз томонидан Ватанимиз шуҳратини юксалтиришга қўшган ҳиссаси, маҳорати ва жасорати учун бир гуруҳ шахматчилар, уларнинг устозлари ва соҳа вакилларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзоланган эди.
Учрашувда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
– Бу мукофотлар фақат бугунги ғалабангизнинг эътирофи эмас, балки олдингизда турган янада баланд марраларга билдирилган катта ишонч рамзи бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимиз етакчиси спортчиларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийлари ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси жамоасига миннатдорлик билдирди.
– Илоҳим, ғалабаларимиз бардавом бўлсин! Доимо соғ-омон бўлинглар, азиз фарзандларим! – деди Президентимиз учрашув якунида.
ЎзА