Шарқона меҳмондўстлик манзилига айланган обод масканларда байрам шукуҳи
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Бугун халқнинг меҳмондўстлик қадрияти ифода этган хиёбонлари сони кўпаймоқда. Бир томонда болаларнинг шўх қийқириғи, нарироқда нуронийларнинг самимий суҳбати эшитилади. Замонавий қаҳвахоналар, ҳунармандчилик расталари бўйлаб бораётган хорижлик сайёҳлар завқ билан суратга тушади. Бу манзарани тинч ва обод юртнинг қиёфаси дейиш мумкин.
Мустақиллигик халқимизга мана шундай ўз уйини ўзи обод қилиш, тинчликни кўз қорачиғидек асраш ва дунё аҳли ҳавас билан қарайдиган юртга эга бўлиш каби имкониятларни берди. Туризм, савдо ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш бугун ҳар бир оиланинг фаровонлигини кўзлаган давлат сиёсатининг бир қисмига айланди.
Туризм кам сармоя билан кўп иш ўрни яратади. Аҳоли даромадини оширади, маҳаллаларнинг қиёфасини ўзгартиради. Пойтахтимизда бунинг имкони кенг. Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос анъаналари “ўсиш нуқтаси”га айлантирилмоқда.
Сергели туманининг Янги Сергели кўчаси бунинг яққол мисоли. Иттифоқ маҳалласидан ўтадиган бу кўчанинг 2,1 километрлик қисми бутунлай ўзгариб кетди.
[gallery-30450]
– Бу ерда инфратузилма янгиланди, биз каби туну кун ишлайдиган савдо, умумий овқатланиш ва кўнгилочар хизматлар жойлаштирилди, – дейди тадбиркор Назирали Ортиқов. – Атрофдаги тўрт маҳаллада 21 мингдан зиёд киши яшайди. Кунига ўртача 20 мингта автомобиль ўтадиган бу кўча йилига 1,2 миллиондан ортиқ ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади. Бу ерда сифатли хизмат кўрсатишимиз учун барча шароит яратилди. Давлатимиз раҳбари 4 июль куни бу кўча бўйлаб юриб, миллий меъморий услубда таъмирланган уйлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароит билан танишди, маҳалла фаоллари ва оддий фуқаролар билан суҳбатлашди. Халқимиз бу ўзгаришлардан жуда хурсанд.
Ҳудудда болалар учун 10 дан ортиқ майдонча, 8 та воркаут зонаси, китоб дўкони, нуронийлар маскани ташкил этилди. Шунингдек, 95 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти кенгайтирилиб, 22 та янги корхона ташкил этилди. Натижада 250 дан ортиқ янги иш ўрни очилди. Маҳалла аҳолисининг айтишича, бу ўзгаришлар одамларнинг кайфиятига, турмуш тарзи ва даромадига ижобий таъсир этиб, эртанги кунга ишончни мустаҳкамлаяпти.
Бу ўзгаришлар фақат шу маҳаллада эмас. Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларини боғлаб турувчи Бунёдкор кўчасида ҳам шу руҳ сезилади.
Санъат ва маданият масканлари, идоралар, баланд уйлар, супермаркет ва ресторанлар ёнидан ўтадиган бу кўчанинг 1,5 километрлик қисми хизмат кўрсатиш ва гастротуризм масканига айлантирилган. Ажойиб ландшафт дизайни, фавворалар, турфа чироқлар ҳудудга янада кўрк бағишлаган. 90 та тадбиркорлик субъекти туну кун ишлаш тартибига ўтказилди. Шундан 45 таси янги ташкил этилиб, 500 кишига доимий иш берилди. Кўчага ёндош маҳаллаларда яшайдиган 18 мингга яқин одам бу енгилликни дарров сезди. Бир пайтлар йилига атиги 255 минг кишигина ташриф буюрган ушбу жой эндиликда йилига 1 миллион меҳмонни қабул қилиш қувватига эга.
Пойтахтнинг тарихий юраги саналган Шайхонтоҳур туманидаги Гулбозор маҳалласи эса қадим ва замонавий сервиснинг уйғунлашувида алоҳида ўрин тутади. Бу маҳалла икки йил олдин туризм хизматларига ихтисослаштирилган эди.
Кўча ва уйларда қадимги Тошкент қиёфаси сақлаб қолинган ҳолда барча коммуникациялар ер остидан ўтказилган. Тарихий дарвоза қайта тикланди, ўймакор устунли айвон ва ҳовуз барпо этилди. Миллий каштачилик ва ҳунармандчилик устахоналари, новвойхона, миллий ошхоналар, заргарлик дўконлари, меҳмонхона бир жойда жам бўлди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев икки йил аввал ташриф буюрганида, мана шундай мажмуалар хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб этишини таъкидлаган эди.
– Бу манзилнинг қадимий Чорсу бозори ёнида жойлашгани менга жуда ёқди, – дейди германиялик сайёҳ Тобиас Рихтер. – Бу ерда халқингизнинг тарихи, қадимда қандай яшаганини ўз кўзим билан кўрдим. Эътибор қилдим, биз каби хорижлик сайёҳлар оқими тинмаяпти. Бугун дунёнинг жуда кўп давлатларидан замонавий ҳашаматни, энг сўнгги технологиялар қўлланилган шоуларни тезда топасиз. Лекин мана бундай мукаммал сақланган тарихни учратиш жуда қийин. Бу жойни этнографик туристик марказ деб атаган бўлардим.
Бугун бу маҳалланинг 2 минг 670 нафар аҳолиси савдо, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш ривожи туфайли тўлиқ иш билан таъминланган. Маҳалла ишсизликдан ҳоли, хавфсиз ҳудудга айланган.
Бу каби мисоллар пойтахтнинг барча туманларида бор. Сўнгги йилларда туризм соҳасида 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Ўтган йили хорижий сайёҳлар ташрифи каррасига ошди. Миробод, Олмазор, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида ҳам гавжум кўчалар ташкил этилди. Яна шундай туну кун ишлайдиган масканлар сони ортаверади.
Аввало, бу каби ўзгаришлар давлат учун барқарор иқтисодий ўсиш, солиқ тушумлари, ижтимоий соғломлашувга хизмат қилади. Ишсизлик камайган, хавфсиз ҳудуд қарор топган жойда жиноятга ўрин қолмайди. Тадбиркорлар учун эса тайёр инфратузилма, туну кун тинмайдиган мижозлар оқими ва бизнесини хавфсиз кенгайтириш имконияти дегани. Энг муҳими, аҳоли учун ўз маҳалласи ёнида муносиб иш ва барқарор даромад манбаи яратилаётганини англатади. Оилаларга тўкинлик киради, болалар хавфсиз майдончаларда улғаяди, нуронийлар эъзоз топади.
Замонавий инфратузилма, миллий қадриятлар ва тадбиркорлик ташаббуслари бир-бирини тўлдиради. Бу маҳаллаларимизга янги ҳаёт бағишлаяпти. Мустақиллик неъмати ана шундай кўринишда ҳар бир хонадонга тўкинлик, ҳар бир оилага эртанги кунга мустаҳкам ишонч бўлиб кириб бормоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари