Шаҳрихонда пойабзал корхонаси иш бошлади
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида фаолият кўрсатаётган “Hassan universal shoes” масъулияти чекланган жамиятининг пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
Туманнинг Янги Вахм маҳалласида умумий қиймати 5 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида тадбиркор Ҳасанбой Собиров томонидан ташкил этилган мазкур корхонада йилига 1 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади. Корхона раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан Хитой давлатидан 78 минг АҚШ доллар қийматдаги замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди.
Айни кунда корхонада бир неча турдаги эркаклар, аёллар ва ўсмирлар учун сифатли, бежирим пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ишга тушиши билан 20 та янги иш ўрни яратилди. Ишчи-хизматчилар учун қулай меҳнат шароитлари яратилган.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА