Шаҳрисабз аэропорти фаолияти тикланди
“Silk Avia” авиакомпаниясининг Тошкентдан учган рейси Шаҳрисабз аэропортига қўнди. Шаҳарнинг ҳаво бандаргоҳи 2003 йилнинг ноябрь ойида ёпилган бўлиб, қарийб 21 йил ўтгач илк самолётини қарши олди. Тошкентдан Шаҳрисабзгача бўлган масофа L-410 русумли самолётда 1 соату 30 дақиқани олди.
Узунлиги 1554 ва кенглиги 35 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги, ҳаво кемалари учун иккита тўхташ жойи ва тўртта вертолёт майдонларидан иборат бўлган аэродром ATR-42, ATR-72, L-410 русумли самолётлар ҳамда барча турдаги вертолётларни қабул қилиш имконини беради. Аэровокзал мажмуасининг ўтказиш қобилияти соатига 100 нафар кишини ташкил этади.

Маълумот учун: Шаҳрисабздан 5 километр жануби-ғарбда қурилган мазкур аэропорт 1983 йилда очилган эди. 1983-1996-йилларда Тошкент-Шаҳрисабз йўналиши бўйича парвозлар ёз ойларида ҳафтада 4 марта ва куз-қиш мавсумида ҳафтада уч марта амалга оширилган. Самолётлар ҳафтада икки бор Урганч-Шаҳрисабз йўналиши бўйича парвоз қилган.
1993–1995 йилларда Тошкент-Қарши-Шаҳрисабз йўналиши бўйича рейслар бажарилган. Қатновлар Ан-2, Ан-24, Як-40, RJ-85 русумдаги самолётларда амалга оширилган.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА