Шаҳинахон Йигиталиева Параосиё ўйинлари рекордини янгилаган ҳолда чемпионга айланди
Японияда давом этаётган V ёзги Параосиё ўйинларида пара енгил атлетикачиларимиз делегациямиз ҳисобига медаллар шодасини тақдим этишда давом этмоқда.
Жумладан, пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида найза улоқтиришнинг F46 классида Шаҳинахон Йигиталиева 44,99 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Шаҳинахон ушбу натижа орқали Параосиё ўйинлари рекордини ҳам янгилади. Яна бир вакилимиз Ҳуснорахон Қудратуллаева ушбу йўналишда 41,91 метр натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Шунингдек, аёллар ўртасида ядро улоқтиришнинг F35 классида Ўзбекистон вакиллари икки медалга сазовор бўлди. Дилафрузхон Аҳмадхонова 9,05 метр натижа билан кумуш, Зуҳро Файзуллаева эса 7,57 метр натижа билан бронза медални қўлга киритди.
Параосиё ўйинларида пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича аёллар ўртасида H1–H3 класслари гуруҳ пойгасида Покиза Аҳмадбекова бронза медалига сазовор бўлди.
Айни дамда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 32 та олтин, 34 та кумуш ва 33 та бронза, жами 99 тага етган ҳолда умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА