Шаҳар ва қишлоқларимиз янада обод бўлади
Президентимиз ташаббуси билан Бухоро шаҳри Абу Ҳавс Кабир кўчасида жойлашган Бухоро ихтисослаштирилган маданият мактаб-интернатининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуд билан биргаликда Мир Араб мадрасасига бепул берилган эди. Айни вақтда бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Билим даргоҳида 200 кишига мўлжалланган ошхона, ёзги спорт майдончаси, қишки спорт зал, сузиш ҳавзаси, талаба ва ходимлар учун масжид, кичик ва катта конференциялар зали, 12 та оилага мўлжалланган хизмат уйлари, 150 кишилик талабалар ётоқхонаси, замонавий кутубхона қурилган. Айни кунда якуний пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мир Араб мадрасасининг янги биносининг ҳовлиси ҳар доимгиданда гавжум. Вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов бошчилигида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги, имом хатиблар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртининг савобталаб устозлари ва илми толиблари «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ташкил этилган «Долзарб 40 кунлик» акцияда фаол қатнашмоқда.
[gallery-4888]
– Президентимиз бизга ана шундай муҳташам маконни туҳфа этди, – дейди олий мадраса директори Ҳайдархон Юлдашхожаев. – Энди бу масканни доимо ободу пок тутиб, гўзал сақлаш, доимо яшилликка буркантириш бизнинг вазифамиздир. Янги бино ҳовлисида 30 турдаги 500 тубга яқин мевали ва манзарали кўчатлар экилмоқда.
Ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Арча, гужум, павлония, чаппа тут, беҳи, нок, ёнғоқ, хурмо, мажнунтол каби турли хил манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилди.
– Шаҳримизнинг ҳар бир фуқароси биттадан кўчат экканда шаҳримиз қиёфаси янада кўркам ва гўзал бўлади, – дейди Бухоро шаҳар имом хатиби Отабек Авезов. – Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад, халқимизга хос эзгу фазилатларни қадрлаш, уларни ёшлар қалбига сингдириш, қишлоқ ва шаҳарлар, маҳаллаларни кўркам кўринишга келтиришдан иборат.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА