Шаҳарлик ҳам деҳқончилик қила олади
Лекин шаҳарлар аҳолиси учун бу имконият чекланган, деярли йўқ ҳисоби.
Бу йилги пандемия шароити, қолаверса, камбағал оилаларни моддий-қўллаб-қуватлаш учун бошқа йўналишлар қатори жойларда қишлоқ хўжалик кооперативлари ташкил этилиб, ишсиз, ҳеч қандай даромад манбаига эга бўлмаган кишиларга ер майдонлари ажратиб берилди.
Қишлоқ туманларида бу масалада деярли муаммо бўлмади – фойдаланилмай турган ёки сув етиб бормайдиган ерлар топилди. Лекин шаҳарлар аҳолиси учун бу имконият чекланган, деярли йўқ ҳисоби.
Каттақўрғон шаҳрида эса бундай имконият бўлса-да ундан фойдаланишга мутасаддиларда ҳам, аҳолида ҳам юрак дов бермас, ҳафсала қилинмасди. Чунки, Ингичка деб номланган дашт, сув таъминоти муаммо бўлган ҳудуддаги ерларни ўзлаштириш осон эмаслиги кундай равшан эди.
Аммо шаҳарнинг янги ҳокими аёл киши бўлса-да шу ишга қатъий киришди, ҳафсала қилди. Гавҳар Алимова жорий йил март ойида Ингичкада 16 гектар экин майдонида кооперация ширкати ташкил этишни бошлаганида кўпчилик бу ғояга ишонмаган бўлса ҳам, раҳбар ҳурмати учун ортидан эргашди.
Харажати катта, меҳнати оғир бўлишига қарамай қарийб 1,5 километр масофадан сув қувури тортиб келинди. 16 гектар ер майдони танланиб, 40 та эҳтиёжманд оилага бўлиб берилди. Ерга ишлов бериш, уруғлик билан таъминлашда ҳам бу оилаларга кўмак берилди. Мақсад – одамларни шу ердан самарали фойдаланишга, шу ерни оиласини оғир вазиятдан чиқаришнинг имконияти деб билишга ўргатиш эди. Бугун ғалвир сувдан кўтарилган пайтда бу ҳаракатлар бесамар кетмагани, ҳоким опа адашмагани исботланди.
– Йиллар давомида фойдаланилмаган майдон ўзлаштирилгач, кутилгандан зиёд натижа берди, – дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова. – Биз ер ажратганимизда кўпроқ камбағалликдан чиқишга ҳаракат қилаётган, меҳнат қилишдан қочмайдиган оилаларга эътибор қаратган эдик. Энди шу тажрибадан келиб чиқиб, 500 гектар ерни ўзлаштиришни ва шаҳримиздаги оилаларга бўлиб беришни кўзлаб турибмиз.
