Шаҳарлар ободлигига фақат битта ташкилот масъулми?
Эрта тонгдан ишга, ўқишга йўл олганимизда шаҳримиз кўчаларида аллақачон ўз вазифасини бажаришни бошлаб юборган, дарахт хазонларини йиғаётган, йўлларни супуриб, хиёбонлар ва у ердаги фавворалар, ҳайкаллару монументларни тозалаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимларига кўзимиз тушади.
Эрта тонгдан ишга, ўқишга йўл олганимизда шаҳримиз кўчаларида аллақачон ўз вазифасини бажаришни бошлаб юборган, дарахт хазонларини йиғаётган, йўлларни супуриб, хиёбонлар ва у ердаги фавворалар, ҳайкаллару монументларни тозалаётган ободонлаштириш бошқармаси ходимларига кўзимиз тушади. Бу манзарага кўникиб қолганимиз учунми, кўп ҳам эътибор қаратмаймиз.
Аслида эса қишнинг изғирин кунларию ёзнинг жазирамасига қарамай, саҳарлаб ҳудуд озодалигини таъминлаётган инсонларнинг машаққатли меҳнати туфайли шаҳарларимиз кундан-кунга чирой очиб бораётгани ҳам бор гап. Афсуски, айрим инсонлар бундай кишиларнинг меҳнатини қадрламай, уларнинг кўз ўнгида атрофни ифлослантиришдан тап тортмайди. Баъзан эса уларга хизматкордек муносабатда бўлгувчиларни ҳам кўриш мумкин.
Очиғини айтиш керак, аслида бу инсонларнинг ойлик маошини меҳнатига яраша деб ҳам бўлмайди. Совуқни-совуқ, иссиқни-иссиқ демай меҳнат қиладиган ходимларнинг топгани зўрға рўзғор тебратишга етади, холос. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 июндаги «Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан эндиликда соҳа ходимларининг ижтимоий, иқтисодий томондан янада яхшироқ таъминланишига эътибор кучайтирилади.
Жумладан, ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси ва Мустақиллик майдонини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти, ихтисослаштирилган бошқарма ходимларига 30 фоиз, республикамиз бўйлаб барча ободонлаштириш бошқармалари ходимларига 15 фоиз устама ҳақлари белгиланди.
Шунингдек, ободонлаштириш бўлинмалари ходимларига овқатланиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида компенсация тўланадиган бўлди. Бу нафақат соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш, балки аҳоли ўртасида уларга бўлган ҳурмат-эътиборни ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Шаҳарлар экологик тоза ҳудудга айланади
Президентимизнинг юқоридаги қарорида турли янги инновацион ғоялар, лойиҳа ва моделлар орқали юртимизни янада ободонлаштириш кўзда тутилган. Хусусан, ҳужжатга асосан, 2020 йил 1 январдан бошлаб «Одамлар учун шаҳар», «Шаҳар-боғ», «Яшил шаҳар» намунавий лойиҳалари орқали ҳудудларни яшаш учун янада қулай ва замонавий масканга айлантириш ишлари бошланади.
– Жумладан, «Одамлар учун шаҳар» модели асосида шаҳар ҳудудида аҳолининг, айниқса, кекса, ногиронлиги бор шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилади, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шоҳруҳ Ражабов. – Маълумки, айрим вилоят марказлари ҳамда пойтахтимизнинг баъзи ички йўлларида пиёдалар йўлакчаси ёки велосипед йўлкаси мавжуд эмас ёки борлари ҳам таъмирга муҳтож. Айни жиҳатдан келиб чиқиб, пиёдалар йўлакчаларини қуриш ва аҳолининг велосипедларда ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш ҳам эътибордан четда қолмайди.
«Яшил шаҳар» моделини лойиҳалаштиришда эса минтақа иқлими ва табиий шароитларидан келиб чиқиб, комплекс ландшафт дизайни, тавсия этилган яшил буталарни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга урғу берилади. «Шаҳар-боғ» лойиҳаси асосида юртимиздаги шаҳар ва туман марказларида истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар сонини кўпайтириш, бундай манзилларда одамлар учун майдончалар, ёритиш элементлари ва кичик архитектура шаклларини жойлаштириш режалаштирилган.
Ушбу моделларнинг ҳаётга татбиқ этилиши шаҳарларимизда кўча-йўл ҳудуди, истироҳат боғлари, хиёбонларни янада замонавийлаштириб, улар сонини оширади. Одамлар учун қулай ҳудудлар яратиш, йўловчилар ва велосипедлар ҳаракатланишини ривожлантириш учун шарт-шароитлар ҳозирланади. Ушбу лойиҳалар шаҳар кўркига кўрк қўшиш билан бирга, уларнинг дунёдаги экологик соф, энг тоза мамлакатлар қаторидан жой олишига замин яратади.
«Обод ҳудуд» ахборот тизими жамоатчилик назоратини кучайтиради
Сир эмас, ҳар биримиз агар кўча-кўйда икки инсоннинг тортишиб қолганига гувоҳ бўлсак, ички ишлар органларига мурожаат қиламиз, бир инсоннинг тоби қочиб қолганини кўрсак, «Тез ёрдам» чақирамиз. Аммо шаҳримиз ободлигига путур етказаётган одамни кўрсак-чи, унда қаерга мурожаат қиламиз? Афсуски, бу борада кўпчиликда етарлича маълумот йўқ. Шу боис ободонлаштириш бошқармаларида мурожаатларни қабул қилиш тизими янада такомиллаштирилмоқда.
Фуқаролар томонидан соҳадаги мавжуд муаммолар бўйича мурожаатлар юбориш, улар билан қайта алоқани йўлга қўйиш, аҳоли билан ҳамкорликда ободонлаштириш ишларини режалаштириш ва фуқаролар билан ахборот алмашиш орқали жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида «Обод ҳудуд» ахборот тизими ишга туширилмоқда.
Мазкур тизим бажарилган иш натижаларини «аввал» ва «кейин» форматида таққослаш имкониятини беради. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатидан келиб чиқиб, ҳудудлар рейтингини ташкил этиш орқали фаол ташкилот ва ходимларни рағбатлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Яна бир жиҳат: жорий йилдан бошлаб янги қурилган объектларни, реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган бино ёки иншоотларни туташ ҳудудлари ободонлаштирилмасдан фойдаланишга топшириш тақиқланади. Бу айрим ҳолларда кузатилаётган – қурувчиларнинг иншоотни тугатиб, қурилиш чиқиндиларини шу ернинг ўзига ташлаб кетишининг олдини олади.
«Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур»
Ушбу нақл бежиз айтилмаган. Ўз навбатида, ободонлаштириш бошқармаларининг иш сифати ҳам ундаги техника-технологияларга боғлиқ.
– Тошкент шаҳар бош бошқармасига қарашли туман ободонлаштириш бошқармаларида жами 22 та самосвал, 2 автоминора, 12 сув қуйгич, 330 дан ортиқ трактор ва бошқа техникалар мавжуд, – дейди Ш.Ражабов. – Аммо уларнинг айримлари сотиб олинганига кўп вақт бўлгани боис кунда-кунора бузилиб қолади. Президентимизнинг юқоридаги қарорида айни шу масалага – ободонлаштириш бошқармаларининг моддий-техник базасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, қарорга мувофиқ, 2020-2024 йиллар даврида туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларини махсус техника ва механизмлар билан жиҳозлаш иш режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, шу даврда ободонлаштириш бошқармаларига 1 минг 400 дан ортиқ техникалар олиб келиниши белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, ободонлаштириш соҳаси ҳам мамлакатимиздаги тараққий этиб бораётган ва фаолиятига инновацион лойиҳалар, компьютер технологиялари кенг жалб этилаётган йўналишлардан биридир. Зеро, юртимиз қанчалик обод ва шаҳарларимиз гўзал бўлса, халқимизнинг ҳаёти ҳам фаровонлашиб, давлат ва жамиятимиз ривожланиб бораверади.
Санжар ЭШМУРОДОВ
Манба: «Mahalla» газетаси.