Сертификат маҳсулот харидоргирлигини оширади
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ негизидаги “HAJ TEX group” корхонаси томонидан 3 минг гектар майдонда етиштирилган “Бухоро-6” навли органик пахта GOTS халқаро стандарти билан сертификатланди.
У тўқимачилик маҳсулотлари экологик ва ижтимоий талабларга риоя қилган ҳолда, хом ашё йиғишдан то тайёр маҳсулотгача органик тарзда ишлаб чиқарилганини кафолатлайди.


Мазкур сертификат туфайли “HAJ TEX group” корхонаси органик ип-калавани оддий ип-калавадан икки баравар қиммат нархда дунёнинг энг йирик бозорларидан бири – Японияга экспорт қилди ва машҳур сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Imabari” брендининг етказиб бериш занжирига қўшилди.


Маълумот учун, Нидерландиянинг “Control Union” сертификатлаштириш ташкилоти “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда бир неча йилдан буён республикамиз пахта-тўқимачилик кластерларида органик пахта етиштириш бўйича сертификатлаштириш ишларини олиб бормоқда. Уюшмадаги “Ягона дарча” га сертификатлаштириш ва стандартлаштириш масалалари бўйича тўқимачилик корхоналаридан келиб тушаётган мурожаатлар инобатга олиниб, халқаро ташкилотлар ёрдамида Ўзбекистонда тегишли стандартлар ва сертификатларни тарғиб қилиш ва жорий этиш бўйича кўплаб семинарлар, тренинглар ва учрашувлар ўтказилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири