Сербия ташқи ишлар вазири Ислом цивилизацияси маркази билан танишди
Шу кунларда Сербия Республикаси ташқи ишлар вазири Марко Журич бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида меҳмонлар пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида ҳам бўлди.
Қадимий қоятош суратларидан тортиб, алгоритмга асос солган илмий меросгача бўлган тарихий тараққиёт даврларини ўзида жамлаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Меҳмонлар Ислом цивилизацияси марказининг барча экспозициялари билан батафсил танишиб чиқди. Дастлаб улар “Буюк сиймолар галереяси”да бўлиб, 14 та паннода акс этган юртимизнинг бой тарихи, буюк алломалар ва тарихий шахслар меросини кўздан кечирди. Митти мозайка услубида, 110 дан ортиқ рангдаги майда тош ёрдамида қўл меҳнати билан яратилган ушбу асарлар меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Галереяда Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек ҳамда Алишер Навоий каби улуғ сиймолар тасвири ўрин олган.
Меҳмонларга Муҳаммад Хоразмий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди. Алломанинг “Ал-жабр вал-муқобала” асари алгебра фанига асос солгани, ўнли саноқ тизимини кенг ёйгани ҳамда алгоритм тушунчаси шаклланишига замин яратгани ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имконини берувчи интер фаол экранлар ҳам сербияликлар эътиборини тортди. Замонавий технология асосида яратилган ушбу платформа орқали Самарқанд, Бухоро ва бошқа қадимий масканларга виртуал ташриф буюриш имкони мавжуд бўлиб, айни жараён кишини реал саёҳатга ҳам чорлаши таъкидланди.
Хориж делегацияси вакиллари айниқса “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” бўлимида намойиш этилган қадимий ёдгорликлар, хусусан Сармишсой қоятош суратларидан ҳайратга тушганликларини қайд этдилар. Минг йиллик тарихга эга ушбу тасвирлар ибтидоий санъатнинг ноёб намунаси сифатида юқори баҳоладилар. Улар Буюк Ипак йўли даврига оид ҳунармандлик, хусусан гиламдўзлик намуналаринм ҳам қизиқиб томоша қилишди. Вазир бу анъананинг Ўзбекистон ва Сербия ҳудудларида ўхшаш жиҳатлари мавжудлигини қайд этиб, тарихий савдо алоқалари орқали маданий яқинлик шаклланган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

– Ҳаётим давомида жуда кўп шаҳарлар, машҳур музейларда бўлганман, – деди Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журич. – Ислом цивилизацияси маркази менда ўзгача таассурот қолдирди. Бу ерда том маънода цивилизация илдизларини кўриш мумкин. Дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб инсонлар бу масканга келиб, инсониятнинг бой меросини ўз кўзлари билан кўришлари керак, деб ўйлайман.
Ташриф сўнгида Марко Журич Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Гўзал Сатторова, ЎзА