Гаров шартномасини бекор қилса бўладими?
Ҳуқуқий муносабат
Қонунчиликка кўра, гаров шартномасини бекор қилиш мумкин, лекин бу бир томонлама эмас, балки қонун ва шартнома шартларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев билан бу борада суҳбатлашдик.
–Ўзбекистон қонунчилигида (асосан Фуқаролик кодекси ва “Гаров тўғрисида”ги қонун) гаров шартномаси одатда икки томонлама келишув асосида тузилади, шунинг учун уни бекор қилиш ҳам кўпинча икки томоннинг розилиги билан бўлади.
–Гаров шартномаси қачон бекор бўлади?
–“Гаров тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасига кўра, гаров қуйидаги ҳолатларда бекор бўлади.
Хусусан, гаров билан таъминланган асосий мажбурият тўлиқ бажарилганда, гаровга қўйилган мол-мулк нобуд бўлганда ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганда ҳамда гаровга олувчи (кредитор) ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузган тақдирда бекор бўлади.
Шунингдек, қарз бошқа шахсга ўтказилганда, агар гаровга қўювчи янги қарздор учун жавоб беришга розилик бермаган бўлса ва депозитга ўтказиш йўли билан ҳам бекор бўлади.
–Қандай тартибда бекор қилиш мумкин?
–Икки томонлама келишув — энг оддий йўл: гаровга қўювчи ва гаровга олувчи (масалан, банк) ўртасида қўшимча келишув тузилади. Бу келишув ёзма шаклда бўлиб, имзоланиши керак. Агар шартнома нотариал тасдиқланган бўлса, бекор қилиш ҳам нотариус орқали расмийлаштирилиши мумкин.
Суд орқали бўлганда агар иккинчи тараф розилик бермаса ва қонуний асос мавжуд бўлса, судга мурожаат қилиш мумкин. Суд гаровни бекор деб топиши ва гаров реестридаги ёзувни чиқариб ташлашни буюриши мумкин.
Гаров реестри — гаров рўйхатга олинган бўлса, бекор қилингандан кейин реестрдаги ёзувни чиқариб ташлаш керак, масалан, мажбурият бажарилганда ёки қонуний асосларда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА