Сентябрдан «Soliq» иловасида сохта кэшбэкларни аниқлайдиган сунъий интеллект ёрдамчиси ишга тушади
Солиқ тизимида сунъий интеллектдан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Сентябрь ойидан «Soliq» мобил иловасида фуқароларга кэшбэк билан боғлиқ шубҳали операцияларни аниқлашда ёрдам берадиган «AI ёрдамчи» ишга туширилиши кутилмоқда.
Солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида солиқ тизимида сунъий интеллект асосидаги янги ечимларни жорий этиш ишлари ҳақида маълумот берилди. Солиқ қўмитаси Ахборот-коммуникациялар технологиялари департаменти директори Фарруҳ Аҳмеджоновнинг маълум қилишича, янги тизим кэшбэк ва электрон ҳисобварақ-фактуралар билан боғлиқ шубҳали операцияларни аниқлашда фуқаролар ҳамда солиқ органларига ёрдам беради.
Янги «AI ёрдамчи» орқали фуқаро харид қилганида унинг чеки бўйича кэшбэк олиш имкониятини текшириш мумкин бўлади. Тизим чек билан боғлиқ хавф мавжуд ёки мавжуд эмаслигини таҳлил қилишга кўмаклашади.
Муҳим жиҳати шундаки, сунъий интеллект солиқ ходимларининг ўрнини босмайди. У асосан катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва шубҳали операцияларни аниқлаш учун хизмат қилади.
Солиқ қўмитаси вакили таъкидлаганидек, якуний қарорни сунъий интеллект эмас, балки солиқ ходими қабул қилади. Миллионлаб чеклар ва бошқа маълумотларни инсон томонидан қўлбола тарзда таҳлил қилиш кўп вақт талаб этса, сунъий интеллект бу жараённи тезлаштириш ва ходимлар самарадорлигини ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, солиқ тўловчилар билан мулоқотни соддалаштириш мақсадида «AI мурожаатлар» номли сунъий интеллектга асосланган чатботни ҳам ишга тушириш режалаштирилган. У фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларга тезкор жавоб бериш ҳамда зарур йўналишга йўналтиришга хизмат қилади.
Матбуот анжуманида 1 фоизлик кэшбэк тизимини лотерея механизми билан алмаштириш бўйича таклифларга ҳам ойдинлик киритилди. Солиқ қўмитаси вакили кэшбэк тизими фуқароларда харид қилганда фискал чек талаб қилиш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, кэшбэк механизми солиқ тушумларининг ошишига ҳам таъсир кўрсатган. Лотерея механизми эса аввал ҳам мавжуд бўлгани, бироқ унинг қамрови кэшбэк тизимига нисбатан чеклангани қайд этилди. Шу билан бирга, кэшбэк тизимини бекор қилиш бўйича якуний қарор ҳозирча қабул қилинмаган. Масаланинг якуний ечими Солиқ қўмитаси томонидан эмас, балки солиқ сиёсатини шакллантирувчи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан белгиланади.
Солиқ қўмитаси ижро этувчи орган сифатида тасдиқланган қоидаларни амалиётга жорий этади. 1 августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ютуқли ўйинлар тажриба тариқасида йўлга қўйилиши маълум қилинган. Келгусида ушбу тажриба натижалари асосида кэшбэк ва лотерея механизмларининг самарадорлиги таққосланиши мумкин. Шундай қилиб, ҳозирча 1 фоизлик кэшбэк тизими бекор қилингани ҳақида расмий қарор йўқ. Бироқ солиқ тизимида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш кенгайиб, сохта чеклар ва шубҳали операцияларни аниқлаш имкониятлари кучайтирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА