Сентябрь ойида инфляция 0,7 фоизни ташкил этди
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 фоизга ошган.
Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 6,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил сентябрь — 8,0 фоиз) нисбатан 1,6 фоиз бандга пасайди.
Сентябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,9 фоизга қимматлашгани кузатилган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум (5,3 фоиз), суякли мол гўшти (1,7 фоиз), қўй гўшти (1,3 фоиз), суяксиз мол гўшти (1,1 фоиз), гречка (1,1 фоиз), гуруч ва гуруч оқшоғи (1 фоиз), хом ва қаймоғи олинмаган сут (0,8 фоиз) ҳамда сариёғ (0,8 фоиз) нархларининг ошиши кузатилди.
Мева-сабзавот маҳсулотларидан помидор (14,2 фоиз), бодринг (13,5 фоиз), сабзи (12,4 фоиз), булғор қалампири (4,9 фоиз), бақлажон (4,7 фоиз), пиёз (2,6 фоиз) нархлари қимматлашди. Шу билан бирга, цитрус мевалар (-12,0 фоиз), узум (-5,7 фоиз), олма (-2,4 фоиз) ва банан (-1,7 фоиз) нархлари арзонлашди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан АИ-95 маркали бензин (4,2 фоиз), АИ-92 маркали бензин (0,7 фоиз), АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин (0,4 фоиз) нархларининг ошиши кузатилди. Пропан нархи 4,2 фоизга қимматлашди, метан нархида эса ўзгариш бўлмади.
Шунингдек, хизматлар нархи ва тарифларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари (6,8 фоиз), ҳуқуқий тусдаги хизматлар (6,6 фоиз), шартнома асосида давлат ОТМларида ўқиш (6,3 фоиз), хусусий умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқиш (6,0 фоиз), автомобиль тўхташ жойлари хизматлари (2,2 фоиз), совуқ сув ва канализация учун ҳақ тўлаш (2,1 фоиз), хусусий мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари (1,7 фоиз) нархларининг ошиши кузатилди.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 2 млн.дан ортиқ нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА