Янги йўналишлар ва бозорлар: минтақада иқтисодий алоқалар қандай ўзгармоқда?
Сўнгги йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар тобора кенгаймоқда. Ўзаро савдо ўсиб, янги транспорт йўналишлари ва инвестиция лойиҳалари пайдо бўляпти, ҳамкорлик доираси эса кенгайиб боряпти.
Бу жараёнда муҳим ўрин эгаллаган Евросиё маконида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари билан кўп томонлама муносабат, шунингдек икки томонлама иқтисодий алоқалар жадал ривожланмоқда.
ШҲТ доирасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида илгари сурилган “ШҲТ-2040” ташаббуси асосида саноат кооперацияси, транспорт боғлиқлиги ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмини кенгайтириш кўзда тутилган.
Айни жараёнда саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш, темир йўл тизимини интеграциялаш бўйича кенгаш тузиш ҳамда ШҲТ Тараққиёт банкини шакллантириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Транспорт, энергетика, саноат ва рақамли инфратузилма устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Табиийки, Ўзбекистоннинг ЕОИИ давлатлари билан иқтисодий алоқалари кенгаймоқда. 2025 йил ушбу давлатлар билан савдо миқдори 20,2 миллиард долларни ёки мамлакат ташқи савдо айланмасининг 24,8 фоизини ташкил этди. 2017-2025 йиллар мобайнида мазкур кўрсаткич 7,2 миллиард доллардан 20,2 миллиард долларга кўтарилди. Экспорт 3,3 миллиард доллардан 6,9 миллиард долларга, импорт эса 3,9 миллиард доллардан 13,3 миллиард долларга етди. ЕОИИ давлатлари билан савдода Россиянинг улуши 64,4 фоиз, Қозоғистонники 24,7 фоиз.
Ўзбекистон 2020 йил декабридан буён ЕОИИда кузатувчи давлат мақомига эга. Бу ташкилотнинг айрим тадбирларида иштирок этиш ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш имконини беради. Яъни, ЕОИИ доирасидаги шериклик Ўзбекистон ташқи савдоси йўналишларидан бири, холос. “Stat.uz” маълумотига кўра, 2025 йил мамлакат ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард доллардан ошди. Энг йирик савдо ҳамкоримиз – Хитойнинг ташқи савдодаги улуши 21,2 фоиз. Бу борада кейинги ўринларни Россия – 16 фоиз, Қозоғистон – 6,1 фоиз, Туркия – 3,7 фоиз ва Жанубий Корея – 2,1 фоиз эгаллаган.
Россия билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. 2025 йил мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш қиймати 13 миллиард доллардан ошиб, жорий йил бошида яна 32 фоиз ўсди. Томонлар 2030 йилга қадар ўзаро савдо миқдорини 30 миллиард долларга етказиш вазифасини белгилаб олган.
Ўзбекистонда Россия капитали билан 3 200 корхона фаолият юритмоқда. Ўзаро ҳамкорлик савдо, инвестиция, саноат кооперацияси каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
Транспорт алоқалари ҳам икки томонлама муносабатнинг ажралмас қисмидир. Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига 367 мунтазам авиарейс амалга оширилмоқда. Ўтган йил юртимизга қарийб 1 миллион россиялик сайёҳ келган.
Энергетика соҳаси алоҳида йўналиш. Жиззах вилоятида “Росатом” иштирокида атом электр станцияси қуриляпти. Лойиҳа ҳар бири 1000 МВт қувватга эга икки энергия мажмуаси ҳамда 55 МВт қувватли икки блок бунёд этилишини кўзда тутади. Мазкур объект йилига қарийб 17 миллиард кВт/соат энергия ишлаб чиқариши кутиляпти.
Мухтасар айтганда, минтақанинг ташқи иқтисодий алоқалари тобора кенгайиб, янги-янги йўналишларни қамраб олмоқда. ЕОИИ билан бирга Хитой, Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Жанубий Корея ва бошқа ҳамкорлар билан алоқалар ҳам ривожланмоқда. Янги транспорт йўналишлари, инвестиция лойиҳалари, савдони рақамлаштириш ва энергетика инфратузилмаси эса жараённинг муҳим таркибий қисмларидир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА