Сенга хиёнат қилиб бўлмайди, қардошим!
“Сардоба” сув омборида рўй берган фожиа оқибатида нафақат юртдошларимиз, балки қўшни Қозоғистон фуқаролари ҳам жабр кўрди.
“Сардоба” сув омборида рўй берган фожиа оқибатида нафақат юртдошларимиз, балки қўшни Қозоғистон фуқаролари ҳам жабр кўрди.
Бу ҳолат нафақат ён қўшни, балки яқин жону жигаримиз сифатида жабр кўрган қозоқ эли учун ҳам қайғуга тушишимизга сабаб бўлди.
Шундай бир пайтда ижтимоий тармоқларда шундай видеолар пайдо бўлдики, уни кўриб одамнинг тили калимага келмай қолди. Унда техникалар ёрдамида катта каналдаги сувнинг ўзанини буришга ҳаракат қилинаётгани акс этган. Видео устига ёзилган овозли шарҳда эса гўёки Ўзбекистонликлар сув омборидан тошиб чиққан сувни Қозоғистонга қасддан буриб юборгани айтилади.
Видеони менга юборган дўстим Алижон Тошбоевнинг айтишича, аслида видео умуман бошқа жойда олинган, бироқ нажот кутаётган жабрдийда айрим одамлар бунга ишониб, норозилик кайфиятига ҳам тушган.
Тўғри, ёши улуғ, кўпни кўрган кексаларнинг бундай бўлмағур нарсаларга ишонмасликка қаратилган даъватлари одамларни тинчитган.
Буни эшитиб, кўнглим хотиржам тортди. Бироқ, шуни билишингизни истаймизки, биз энг яқин қардошимизга нисбатан ҳеч қачон бундай қила олмаймиз.
Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз”.
Сардобадаги талофат натижасида биз билан чегарадош бўлган ён қўшнимиз – Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босгани эса халқимизни бефарқ қолдирмади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиш билан бирга қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам берилишини маълум қилди.
Президент маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигидаги делегация фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг зарар кўрган ҳудудларига етиб борди.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси тарафидан 209 нафар шахсий таркиб, 169 та қишлоқ хўжалиги, муҳандислик ва ёнғин-қутқарув техникаларидан иборат қўшимча куч ва воситалар мазкур ҳудудга етказилди.
Албатта, ўз вақтида берилган ёрдамни қардошларимиз мамнуният билан қабул қилди. Ўз навбатида, бу ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида кенг муҳокама этилди.
Қозоғистонда фаолият олиб борувчи didarbek.kz ахборот портали ижодкорларидан бири Асхат Ассанди ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида “Қийин кунларда Ўзбекистон Республикаси ҳақиқий қардош мамлакат эканлигини кўрсатди. Қозоқлар ва ўзбеклар биродарлар эканлиги бежиз эмас. Биз дўст эмас, ака-укамиз. Ҳозирги инқироз пайти сизнинг ёрдамингиз катта мадад бўлди. Худо сени асрасин!” , деган сўзларни ёзди.
Ижодкорнинг бу мулоҳазаси бўйича мингга яқин қозоғистонлик ўз фикрини билдирган. Жуда кўп изоҳларда миннатдорлик сўзлари акс этган.
“Қозоқ ва ўзбек туғишган оға-инику. Фалокат эса қасддан содир бўлмади. Барчасини сабр билан, биргаликда енгамиз!”, каби фикрлар кўп. Шу билан бирга, ҳамон атайлаб бизни мушкул аҳволда қолдирди, деган қарашдаги кишилар ҳам йўқ эмас.
- Азиз ватандошларим, сув тошқинидан жабр кўрганларга осон эмас, - деб ёзган Исатай Уразов барчага қарата. – Бу ерда ҳар ерда ўтириб ёзилган турли фикрлар бор экан. Лекин жабр чеккан мақтаралликларда ўзбек ака-укалар ҳақида салбий фикр йўқ. Бу кутилмаган фалокат бўлди, бундан энди биргаликда чиқиб кетишимиз керак. Яхшиси, жабр чекканларни қўллаб-қувватлайлик.
Мақсуд Ибрагимович эса жабр кўрган қозоғистонликларга Ўзбекистоннинг Президенти барча ёрдам кўрсатилишини айтди ва буни бажаришга киришилди. Ўзбек ўғлони Алишер Усмонов қозоқ халқи учун 5 миллион доллар ёрдам пули жўнатди. Келинг, уларни дуо қилайлик, деб ёзган.
Ҳа, тушунган одамларнинг садағаси кетсанг арзийди. Ахир Сардобадаги фожиали ҳол қасддан қилинганида биз ўзимизни ҳам қайғуга солармидик? Шу офат туфайли қанча сирдарёлик юртдошимиз бошпанасидан, умр бўйи йиққан-терганидан айрилди. Ҳатто қурбонлар бор.
Юзага келган бу қалтис вазиятдан айримлар икки халқ ўртасига нифоқ солишга уринаётгани эса жуда ачинарли. Бу билан нима топасан, эй ношудлар? Ахир тирноқ билан этни бир-биридан айириб бўлмаслигини наҳотки билмасангиз?!
Тўғри, Сардоба воқеаси табиий офат эмас. Бу сув омбори қурилишидаги хатоликлар билан боғлиқ фожиа. Айнан шунинг учун ҳам бу ҳолат бўйича жиноят иши очилди. Айбдорлар жазосини олади, албатта.
Бир нарса аниқки, синов ҳеч қачон биздан сўраб келмайди. Уни фақат сабр билан енгамиз. Бу кунлар ҳам ўтади, ҳаммаси яна изига тушади. Шунда бир-биримизнинг кўзларимизга меҳр билан (ҳижолатсиз) боқайлик.
Ҳеч қачон унутманг, Сенга хиёнат қилиб бўлмайди, қардошим!