Сенаторнинг транспорт вазирига юборган сўрови натижаси қандай бўлди?
Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Ҳусан Эрматов “Фориш - Нурота” йўлини реконструкция қилиш ишлари юзасидан транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга сенатор сўрови юборган эди.
Сўровда мазкур йўлда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабаб айрим участкаларда ҳаракатнинг бир томонлама ташкил этилгани, бу эса тирбандликларни келтириб чиқараётгани ва аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
Шу муносабат билан сенатор йўл реконструкцияси қачон якунланиши, унинг транспорт ўтказувчанлик қуввати қандай бўлиши, шунингдек, “Тошкент - Самарқанд” автомагистралидаги ортиқча юкламани камайтириш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида маълумот сўраган.
Транспорт вазири томонидан йўлланган жавобда сенатор сўровида кўтарилган барча масалалар атрофлича ўрганилгани маълум қилинган.
Қайд этилишича, Президентнинг 2024 йил 31 декабрдаги қарорига мувофиқ, “Фориш - Нурота” йўналишидаги қатор автомобиль йўлларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилган. Концепция халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник кенгаш томонидан маъқулланган.
Ҳозирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклиф ва эътирозлари инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилган лойиҳа концепцияси қайта киритилган. Лойиҳани амалга ошириш учун халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, лойиҳани амалга ошириш 2027 - 2032 йилларга мўлжалланган. Реконструкция қилинадиган йўл II техник тоифа талаблари асосида қурилиб, суткасига 6 мингдан 14 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланиши учун мўлжалланади.
Вазирлик жавобида республика автомобиль йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, муқобил йўналишларни ривожлантириш ва транспорт оқимларини самарали тақсимлаш бўйича тизимли ишлар давом этаётгани ҳам таъкидланган.
Шунингдек, байрам ва дам олиш кунларида аҳоли ҳаракатчанлиги ортиши муносабати билан транспорт оқимлари мунтазам таҳлил қилиб борилаётгани, йўловчилар учун қўшимча автобус, темир йўл ва авиақатновлар ташкил этилаётгани маълум қилинган.
Транспорт вазирлиги келгусида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли учун қулай, хавфсиз ва самарали транспорт хизматларини ташкил этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилишини билдирган.
Н.Абдураимова,
ЎзА