Сенаторлик масъулиятми ёки вазифа?
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаганимда Сенатор сифатида олдимда қандай масъулият ва улкан вазифалар турганлигини яна бир бор англадим.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаганимда Сенатор сифатида олдимда қандай масъулият ва улкан вазифалар турганлигини яна бир бор англадим.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш“ йили деб эълон қилинди.
Ҳар бир йилга алоҳида ном берилишида ҳам улкан ҳикмат бор. Сабаби, жонажон Ўзбекистонимизда бугунги кунда эришилган натижаларимиз тарихга айланиб, олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш ҳар биримиздан ўз ишимизга виждонан ёндашиб, мен Ватаним тараққиётига қандай ҳисса қўшдим, деган саволни кўндаланг қўяётир.
Мурожаатда илм-маърифатга алоҳида эътибор қаратилиши бугунги куннинг долзарб масаласи деб ўйлайман. Зеро, улуғ бобокалонимиз Имом ал Бухорий ҳазратлари айтганидек “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам”.
Ҳақиқатдан ҳам Президентимиз таъкидлаганларидек биз барча соҳаларда ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, агар мана шу ислоҳотларнинг иштирокчиси бўлган халқимизнинг маънавияти ва маърифатини оширмас эканмиз ўйлаган марраларимизга эриша олмаймиз. Шундай экан халқимиз бугун жамиятда ислоҳотлар ташаббускори бўлиши керак. Ва энг асосийси бу ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланиши шарт.
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатларини тинглар эканман, кўз олдимда бевосита мамлакатимизда сўнги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижаси гавдаланди.
Президентимиз тараққиётимизга ғов бўлаётган коррупция иллатига алоҳида тўхталиб, бу борада мамлакатимизда жамоатчилик назоратини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши кескин курашишимиз кераклигини таъкидлади.
Бу борада Президентимиз “Давлат молиявий назорати” ва бошқа бир қатор қонунлар яратиш фикрини илгари сурди.
Президентимиз адолат борасида “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” деб, таъкидлади. Шунингдек, ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш, деган янги иборани ҳам келтирди. Бу нима дегани, энг аввало жамиятда ҳар биримиз коррупция иллатига, адолатсизликка муросасиз курашишимиз даркор. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод онгини Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ғояси билан шакллантира оламиз.
Мурожаатномани тинглаб, Ўзбекистон тарихида қандай буюк ўзгаришлар даври бошланаётганини шу юртнинг, шу элнинг ҳар бир фуқароси қалбан ҳис қилиши шубҳасиз. Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган тарихий Мурожаатномаси халқимиз фаровонлигини, Ўзбекистонимиз нуфузини янада ошириш ва янги-янги ислоҳотлар даври бошланишидан дарак беради.
Мурожаатномадаги янгиликлар:
- боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиниши жорий йилда 60% етказилади;
- мамлакатимиз тарихида илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинади;
- 2020 йилда 36 та янги мактаб қурилади, 55 та хусусий мактаблар ташкил қилинади;
- жорий ўқув йилидан бошлаб, мутлақо янги профессионал таълим тизими йўлга қўйилади. Яъни 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 коллеж ва 143 та техникум ташкил қилинади;
- мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилади;
- Олий таълимга талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилади;
- жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади;
- жорий йилда математика, кимё-биология, геология йўналишларига чуқур эътибор қаратилади;
- 2020 йилда “Эл юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга малака ошириш учун юборилади;
- 2020 йилда Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида “IT-парк”лар қурилади, раҳбарларнинг IT бўйича алоҳида ўринбосари лавозими жорий этилиши;
- “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури ишлаб чиқилади;
- прописка тизими ислоҳ қилинади;
- 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён муқим яшаётган шахсларга автоматик тарзда фуқаролик берилади;
- пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинади;
- иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши, барча соҳаларда ахборот-коммуникацион технологияларга ўтилади;
- Парламент роли кучайтирилади;
- сўз эркинлиги, ОАВ, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритишлари учун бундан кейин ҳам кенг имкониятлар яратилади;
Иқтисодиёт соҳасидаги муҳим вазифалар
“Давлат молиявий назорати тўғрисида” ва “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунлар ишлаб чиқилади;
Иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестициялар сиёсати изчил давом эттирилади;
Жорий йилда 206 та янги йирик қувватлар ишга туширилади;
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш учун – Экспорт-кредит агентлиги ташкил қилинади;
Республика ва маҳаллий бюджетларнинг прогноздан юқори тушумларининг ярмини инфратузилма объектлари ривожланишига йўналтирилади;
ИЖТИМОИЙ СОҲАДАГИ МУҲИМ ВАЗИФАЛАР
Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилади.
2020 йилда давлат дастурлари доирасида ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали 500 мингта янги иш ўринлари яратилади.
2020 йил давомида бюджет тизими ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори инфляциядан юқори миқдорда оширилади.
Фуқаролар пенсияга чиқиши учун фақат паспорт тақдим қиладиган бошқа ҳужжат талаб қилинмайдиган тизим яратилади.
“Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, уларни иш, уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.
“Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги қонун ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепцияси ишлаб чиқилади.
Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга 1,5 триллион сўм ажратилади.
281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 триллион сўм ажратилади.
17 та ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент жорий этилади.
Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағлар кўпайтирилади.
Ихтисослашган марказлар ва уларнинг филиалларида, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 2020 йил электрон тиббий карталар жорий этилади.
Дориларнинг реал нархини “онлайн” тартибида кузатиб бориш тизими яратилади.
2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади.
1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади.
Ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекси жорий этилади.
“Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепцияси ишлаб чиқилади.
2020 йилда ҳудудларда 269 та футбол, волейбол, баскетбол ва бадминтон майдонлари, 178 та бокс, кураш, фитнес ва гимнастика спорт заллари, 32 та теннис корти қуриш бўйича 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.
Саноат ривожланишининг экологияга таъсирини олдини олиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури ҳамда Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади.
2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 22 та театр ва маданият объектлари қурилади ва реконструкция қилинади.
Давлат-хусусий шериклиги асосида 20 та маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилади.
Кинематографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ҳамда “Кинематография тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилади.
2020 йил Шаҳрисабз шаҳрида Иккинчи халқаро Мақом фестивали ўтказилади.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади.
Кенгаш сўрови институти жорий қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, жонажон Ватанимизда, хусусан, юртимизнинг ҳар бир гўшасида олиб борилаётган ободончилик, улкан бунёдкорлик ишларига ҳавас ва ифтихор билан қарайлик. Ушбу ишлар замирида юртдошларимизнинг фидокорона меҳнатлари ётибди. Барчамиз юрт равнақи йўлидаги ишларга қўлимиздан келганича ўз ҳиссамизни қўшайлик. Шукроналик, эртанги кунга умид ва ишонч ҳаётимизнинг шиорига айлансин.
Мурожаатномада таъкидланганидек, сенатор бу аввало давлат ва халқ ишончини қозонган инсон. Шундай экан, мен, муҳтарам Президентимизнинг тарихий Мурожаатномасини тинглаб, қалбан ҳис қилган ҳолда халқимиз олдида масъулият ва жавобгарлик борлигини яна бир бор англадим. Бу борада кеча-ю кундуз меҳнат қилиб, халқимиз томонидан билдирилган ишончни оқлашга бор куч билимим ва салоҳиятимни сафарбар этаман.
Фарход БОҚИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси сенати аъзоси