Сенаторлар сув хўжалиги вазирининг ахборотини эшитди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг ахбороти эшитилди.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мавжуд ирригация ва мелиорация тизимларини реконструкция қилиш, янгиларини қуриш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш учун замонавий технологияларни амалиётга жорий этишни талаб этади.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йил 1 июнь ҳолатига республика бюджети маблағлари ҳисобидан 18,7 миллиард сўм сарфланиб, 25,9 километр узунликдаги каналлар ва 1 та кўприкни реконструкция қилиш ишлари бажарилган ҳамда 0,3 километр қирғоқда ҳимоя ишлари амалга оширилган.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2,07 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 1 июнь ҳолатига 232,8 километр узунликдаги ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилган. 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 142 гектар, шундан 108 гектарда томчилатиб суғориш, 34 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологиялари ишга туширилган.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2021-2023 йилларда жами 1 минг 622 та сув хўжалиги объектини бошқариш, сувни ҳисобга олиш ва мониторинг юритиш рақамли технологиялари режалаштирилган бўлиб, ҳозир 192 та сув хўжалиги объектига шундай қурилмалар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Сув хўжалигини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш мақсадида сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш учун 30 та лойиҳа бўйича хусусий шериклар аниқланган.
Шунингдек, тадбирда сенаторлар томонидан Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларини бошқаришга хорижий инвестицияларнинг жалб этилиши масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2015-2021 йилларга мўлжалланган 214,9 миллион АҚШ доллари миқдорида лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача 101,2 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан 2021 йилда сув танқис бўлаётганлиги, унинг салбий оқибатлари жойларда сезилаётганлиги, шу муносабат билан сув танқислигини юмшатиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш масаласи республикамизда, айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида энг долзарб масалалардан бири эканлиги қайд этилди.
Бу борада сув омборларидаги сув ресурсларидан фойдаланишни тўлиқ назоратга олиш, айниқса, улардан сув чиқаришни қатъий аниқ ҳисоб-китобларга асосланган буюртмалар бўйича амалга оширишни йўлга қўйиш, сув манбаларидан олинаётган сув ҳисоби ҳамда олинган сув билан суғориш ишлари мониторингини йўлга қўйиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Сенат Кенгаши қарори асосида шакллантирилган Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш юзасидан доимий асосда фаолият кўрсатувчи идоралараро ишчи гуруҳнинг “Йўл харита”си ва “Медиа режа” ижроси юзасидан амалга ошираётган ишлари муҳокама қилинди.
Маданият вазирлиги ташаббуси билан жорий йил 21-28 май кунлари “Маданият карвони” шиори остида тадбиркорлар ҳамда блогерлар иштирокида “Тошкент-Орол” Раллисига старт берилди. Вазирлик томонидан “IFNC” (Халқаро миллий либослар фестивали) билан ҳамкорликда 23-25 май кунлари Испаниянинг халқаро тоифадаги “Азукар Морено” ва Ўзбекистоннинг “Дил Ором” миллий либослар брендлари иштирокида Элликқалъа туманида “Этно Арал” фотосессияси ҳам ташкил этилди.
Йиғилиш доирасида “Маданият карвони” тадбири якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда “Маданият карвони” тадбирларида фаол иштирок этганлар тақдирланди.
Н.Насриев, ЎзА