“Сенатор ва ёшлар” учрашуви ўтказилди
Миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз, Ватанга садоқат тушунчаларини кенг тарғиб этиш, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида зиёлилар, сенатор ва депутатлар олий таълим муассасаларида ёшлар билан учрашмоқда.
Навоий давлат педагогика институтида ташкил этилган тарғибот учрашувида Олий Мажлис Сенати аъзолари Зиба Тулекова ҳамда Абдураҳим Эркаевлар иштирок этди.

Дастлаб институт ректори Баҳодир Собиров меҳмонларга олийгоҳдаги ўзгаришлар, янгиланишлар ва имкониятлар, институтнинг янгидан қурилаётган кампуси ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг талаба ва профессор-ўқитувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзолари юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Ватанни севиш ва уни ардоқлаш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлади.

– Бу йил олий таълим муассасаларига қабул янгича форматда, яъни икки босқичда ўтказилади, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Зиба Тулекова. – Биринчи босқичда абитуриентлар тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади. Бунда абитуриентлар фақат тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди. Иккинчи босқичда эса тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Яъни ўзининг олган балига қараб, тестлар ўтиб бўлгандан кейин олийгоҳ ва унинг йўналишини танлайди.
Учрашувда талабалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, саволларига Сенаторлардан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири