Сенатор ва талаба-ёшлар учрашуви
Ёшлик — инсон ҳаётидаги энг катта имкониятлар даври. Бу даврда берилган тўғри маслаҳат, айтилган самимий сўз ёки ҳаётий тажрибадан чиқарилган бир хулоса ёш инсоннинг бутун тақдирини ўзгартириши мумкин. Айниқса, олий таълим остонасини эндигина ҳатлаб ўтган ёшлар учун тажрибали инсонлар билан мулоқот қилиш, уларнинг ҳаёт йўли ва сабоқларини эшитиш ниҳоятда муҳим.
Бухоро давлат педагогика институтида ташкил этилган “Сенатор ва талаба-ёшлар учрашуви” ҳам ана шундай мазмунли ва самимий мулоқотлардан бири бўлди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда таниқли адиб ва шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов иштирок этди.
Тадбирни Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмуров очиб, йиғилганларни янги ўқув йили билан муборакбод этди. Айниқса, институт остонасидан илк бор талаба сифатида кириб келган биринчи босқич ёшларини янги мақом билан самимий қутлаб, уларга талаба бўлиш билан бирга катта масъулият ҳам юкланганини таъкидлади.
Учрашув расмий маърузалардан кўра кўпроқ очиқ ва эркин мулоқот руҳида ўтди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таълим, касб танлаш, ўз устида ишлаш, замонавий билимларни эгаллаш, жамиятда ўз ўрнини топиш, журналистика ва ахборот соҳасидаги имкониятлар хусусида фикрларини билдирди.
Сенатор Абдусаид Кўчимов ҳар бир саволга ўзининг кўп йиллик журналистик ва давлат бошқарувидаги тажрибаси, ҳаётий кузатувлари ҳамда амалий мисоллар асосида жавоб берди.
Мулоқот давомида бир фикр алоҳида аҳамият касб этди: ёшликда имконият кўп, аммо уни натижага айлантириш учун ҳаракат, интилиш ва меҳнат зарур.
[gallery-31289]
Зеро, бугунги бугунги талаба фақат диплом билан чекланиб қолмаслиги керак. У замонавий технологияларни билиши, ахборотни таҳлил қила олиши, мустақил фикрлаши, хорижий тилларни ўрганиши, ўз касби бўйича рақобатбардош мутахассис бўлиши лозим.
Бугун мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва ўз салоҳиятини тўла намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ва инновация соҳаларига кириб бориши, илм-фан билан шуғулланиши учун зарур шароитлар изчил кенгайтирилмоқда.
Учрашувда талабалар замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, устозлар тажрибасидан унумли фойдаланиши, энг муҳими, Ватан равнақи ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилиши зарурлиги таъкидланди. Бундай учрашувларнинг қиймати шундаки, уларда тайёр қолиплар эмас, ҳаётнинг ўзи ҳақида гапирилади. Талаба ўз саволини беради.Тажрибали инсон ўз ҳаётидан мисол келтиради. Бир қарашда оддий туюлган суҳбат эса ёш қалбида янги мақсадлар уйғотиши мумкин.
Бугун институт аудиторияларида ўтирган ёшлар орасида эртанги куннинг машҳур педагоглари, олимлари, журналистлари, раҳбарлари ва жамият фаоллари бор. Уларнинг қай бири ўз орзусига қанчалик яқинлашиши эса бугундан бошланган ҳаракат ва изланишларга боғлиқ. Шу боис сенатор билан талабалар ўртасидаги очиқ мулоқотни ёш авлодга ишонч, тажриба ва илҳомни бир нуқтада бирлаштирган учрашув дейиш мумкин. Зеро, келажак тайёр ҳолда келмайди. Уни билимли, ташаббускор ва Ватан тақдирига дахлдор ёшлар ўз қўллари билан яратади. Бухоро давлат педагогика институтидаги бугунги учрашув эса ана шу буюк мақсад сари қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Энг муҳими, ёшлар савол берди, уларни эшитадиган ва йўл кўрсатадиган катталар борлигини ҳис қилди. Бу эса келажакка ишончнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари