Иш ўринлари ва экспорт кўлами кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, енгил саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудда тадбиркорлик учун яратилаётган қулай шароитлар натижасида янги иш ўринлари ташкил этилиб, маҳаллий маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги улуши ортиб бормоқда.
Туманда фаолият юритаётган «Universal Plyus Tikuv» масъулияти чекланган жамияти бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшаётган корхоналардан бири. Айни пайтда корхонада 40 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
[gallery-31294]
Корхонада асосан костюм-шим ишлаб чиқарилади. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Тожикистон ва Туркманистонга 175 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.
Корхонанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш учун имкониятлар мавжуд. Йил якунига қадар 100 минг АҚШ долларлик янги экспорт шартномасини бажариш режалаштирилган.
Туманнинг Абу Райҳон Беруний маҳалласида фаолият юритаётган «Довудхон текстиль» корхонасида 40 нафар аҳоли меҳнат қилмоқда. Уларнинг 25 нафари хотин-қизлардир.
Корхонада йилига 30 минг донагача болалар учун мавсумий кийим-кечаклар ишлаб чиқарилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.
Тадбиркор келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳсулотларни экспортга йўналтиришни режалаштирган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА