Сенатор талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот қилди
Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят бошқармаси мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори Покиза Аҳмеджанованинг талаба-ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбир партиянинг вилоят Кенгаши ҳузуридаги Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Насиба Рустамова, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Элёр Жўраев ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Соҳиба Маманазарова ҳамкорлигида ўтказилди.


Учрашувда Гулистон давлат университети ўқитувчилари ва талаба-ёшлар фаол иштирок этишди. Мулоқот жараёнида ёшларнинг касбий ривожланиши, ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, уларнинг бизнес ва тадбиркорликка қизиқишини қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Сенатор Покиза Аҳмеджанова мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, таълим тизимидаги янгиланишлар ва ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. У нутқи давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши ва касбий йўналишларда шаклланиши давлат сиёсатида устувор йўналиш эканини таъкидлади.


– Ёшларимиз — бизнинг энг катта бойлигимиз. Улар ўз орзу-интилишларини рўёбга чиқариши, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Муҳими, ёшларимиз ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, фаол ва ташаббускор бўлишлари лозим, – деди сенатор Покиза Аҳмеджанова.

Учрашув очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларни бериш баробарида таклиф ва фикр-мулоҳазаларини ҳам билдирдилар.
Тадбирда фаол иштирок этган ёшларга сенатор томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири