Сенат: янги шароитдаги масъулиятли даврга қадам қўйилди
Сенаторлар зиммасига юкланган масъулият амалда қандай таъминланаётгани келгусида ижтимоий ҳаётимиз, халқимизнинг турмуш даражасида акс этиб боради.
Сенат – мамлакатнинг асосий вакиллик органларидан бири бўлиб, ижтимоий-сиёсий ва давлат-минтақавий вакилликни ифода этади.
Бошқача айтганда, қонун чиқарувчи олий орган, парламентнинг юқори палатаси – Сенат ҳуқуқ ва қонун устунлигини таъминлаш, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳокимият тармоқлари чегараланиши ва мувозанатда бўлишини таъминлаш йўлида изчил фаолият юритиб келмоқда.
Сенат фаолиятининг якунига етган ўтган беш йилида нафақат қонунларни такомиллаштириш ва маъқуллаш, балки уларнинг халққа етиб бориши ва ижро этилишига кўпроқ урғу берилди. Ҳар бир ялпи мажлис жойларда аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақидаги ахборотлар билан бошланиши йўлга қўйилгани бунинг яққол далилларидан биридир.
Мана шунинг ўзи мажлисбозликдан амалий ишларга ўтилганини кўрсатиб берувчи муҳим омил бўлди. Мамлакатга инвестициялар киритиш учун қандай ишлар олиб борилаяпди, киритилган инвестициялар қандай ўзлаштирилаётгани ҳам Сенатда кўриладиган муҳим масалалардан бирига айланди. Ўзбекистоннинг имижи, халқаро рейтинглардаги ўрни бўйича изчил ишлар олиб борилди. Зеро, яхши рейтингга халқ ҳаёт даражаси, ҳуқуқлари кафолатланиши, манфаатлари таъминланиши орқали эришилади. Айнан шу каби масалаларда сенаторлар масъул мансабдорлар, ҳатто хорижий давлатлардаги элчилардан ҳисобот сўраш амалиётини йўлга қўйди.
Куни кеча пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам юқори палатанинг шу каби ишларини эътироф этиб, аввалги таркиб мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
“Охирги беш йилда юқори палата томонидан 106 марта ҳисоботлар эшитилган, ижро органларига 1,3 минг сўров киритилган. Парламентнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам сезиларли даражада ошган. Ўтган даврда хорижий давлатлар билан парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 26 тадан 73 тага етган”, деди давлатимиз раҳбари.
Айтиб ўтиш керакки, конституциявий ислоҳотлар натижасида Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди. Сенатга ҳам қонунчилик таклифи киритиш ҳуқуқи берилди.
– Мана шундай ғоят таҳликали вазиятда биз фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз. Ҳурматли сенаторларимиз, маҳаллий кенгашларга сайланган депутатларимиз ана шу ўткир ҳақиқатни, ўз зиммаларидаги улкан масъулиятни чуқур англаб иш олиб борадилар, деб ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, Сенат ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда ташкил қилди. Ялпи мажлислар Интернет орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди. Қўмиталарнинг тадбирлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Ялпи мажлислар жараёнининг ўзида Сенат Раиси Т.Норбоева ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга ҳам эътибор қаратиб, муҳим масалаларни эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қилди.
Бу Сенатнинг том маънода халқ билан ҳамжиҳатлигини таъминлади. Очиқликка тўла риоя этилгани эса аҳолининг қонун ижодкорлиги фаолияти ва муҳокама қилинаётган турли масалалардан хабардор бўлиш, бу борада кенгроқ тушунчага эга бўлишига имкон яратди.
Сенатнинг кеча ўтказилган биринчи мажлисида юқори палата раҳбарияти, қўмиталар раислари сайланди. Бугундан эътиборан, Сенат янги шароитдаги, жуда масъулиятли янги даврга қадам қўйди.

– Давлатимиз раҳбари Сенат олдида турган долзарб вазифаларга тўхталар экан, қонунларни муҳокама қилишда янгича механизмларни жорий этиш зарурлиги қайд этди, – дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. – Қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш, қонунларда ҳудудий ва умумдавлат манфаатлари уйғун бўлишига эришиш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этиш, маҳаллий кенгашларнинг қарорлари қонунчиликка мувофиқ бўлишини таъминлашда очиқлик ва шаффофлик, қонунийликни таъминлаш, қўмиталардаги эшитув институти асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги дастур ва режаларни тўлиқ рўёбга чиқариш, коррупцияга қарши курашиш бўйича парламент назоратини, бутун жамиятимиз иштирокини янада кучайтириш каби ишлар белгилаб берилди. Буларни бажариш сенаторлардан катта масъулият, олдингидан кўра кўпроқ фаол, ташаббускор бўлишни талаб қилади. Президентимиз Сенат қўмиталарини юқори палатанинг юраги, ҳаракатлантирувчи кучи, деб эътироф этди. Ҳар бир қўмита эндиликда бунга чинакамига муносиб бўлишга, белгиланган вазифаларни тўлақонли бажаришга бор куч ва имкониятини сарфлайди.
Демак, Сенатнинг шу пайтгача шаклланган иш юритиш услуби доираси кенгайиши билан бирга, зиммасига масъулият янада ортди. Буларнинг амалда қандай таъминланаётгани келгусида ижтимоий ҳаётимиз, халқимизнинг турмуш даражасида акс этиб боради.
Норгул Абдураимова, ЎзА