Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун – 2022 йил 18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 35 - ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда ҳукумат, сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Мажлис кун тартибига 17 масала киритилган бўлиб, улардан ўнтаси қонунлардир.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган санага эътибор қаратилди. Халқимизнинг ғурури тимсоли бўлган миллий туғимиз мангу ҳилпирашига тилак билдирилди.
Айни пайтда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг 2022 йил 27-28 октябрь кунлари Самарқандда ўтказилган кузги сессияси якунлари кўриб чиқилмоқда.
Муҳокама этиладиган қонунлар ичида давлат божи, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлилик, корпоратив бошқарув тизими, маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган ҳужжатлар бор.
Шу билан бирга бир неча қонунлар халқаро ҳужжатларни ратификация қилишга қаратилган.
Улар орасида “Измир Шартномасини (Измир, 1996 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий ҳадли Битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар бор.
Давлат бюджетининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил тўққиз ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботига оид масалалар муҳокама этилади.
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари кўриб чиқилади.
Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларига баҳо берилади.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида uza.uz сайти орқали таништириб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова,
ЎзА