Сенат Раисига янги ўринбосар сайланди
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси давом этмоқда.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева яқин кунларда мамлакатимиз ҳаётида рўй берган муҳим воқеаларга тўхталиб ўтди.
Ватанимиз мустақиллиги куни юртимиз бўйлаб катта шукуҳ билан нишонлангани эътироф этилди. Байрам арафасида турли соҳа ва тармоқларда фидойилик билан хизмат қилаётган ходимлар юксак давлат мукофотларига сазовор бўлгани, улар орасида сенаторлар ҳам борлиги қайд этилди.
–Хабарингиз бор, яқиндагина Тошкентда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл спикерлари саммити бўлиб ўтди, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Нуфузли анжуманда глобал муаммолар кўтарилиши билан бирга уларнинг ечимлари бўйича ҳам муҳим қарорлар қабул қилинди. Муҳими, саммитга давлатимиз раҳбари, кенг жамоатчилик алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, оммавий ахборот воситалари саммит ҳақида аҳолини, дунё жамоатчилигини таништиришда фаол бўлди. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосарини сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Унда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 9 ва 15-моддаларига ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ Мурат Каллибекович Камалов Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Аманбай Тлеубаевич Оринбаев Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари этиб сайланди.
Бу борада Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА