Сенат Раиси: сенаторлар 200 га яқин мурожаатда кўтарилган муаммоларни ижобий ҳал этди
Сенат ялпи мажлисида иқтисодиётни янада ўстириш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни янада қисқартириш энг устувор вазифалардан эканлигига эътибор қаратилди.
Ижтимоий кафолатларни таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳа ва тармоқларга замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллектни кенг жорий этиш кабилар ҳам шулар жумласидандир.
– Президентимиз бу борада аниқ вазифаларни белгилаб бермоқда, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Шундай экан, барча даражадаги вазирлик, идоралар, қолаверса биз, халқ вакиллари ҳам масъулиятни янада ошириб, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қилишимиз керак. Биринчи галда қонунчилик фаолиятимизни янада фаоллаштиришимиз зарур. Йил бошидан бери 19 та қонунни кўриб чиқдик. Қонунчилик ташаббуси доирасида 9 қонун лойиҳаси тайёрланди. Улардан биттаси Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, бугунги мажлисимиз кун тартибига ҳам қўйилди. Бу – “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонундир. Қолган лойиҳалар бўйича келишув жараёнлари кетмоқда.

Сенат қўмиталари кўплаб илмий-тадқиқот муассасалари, ақл марказлари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича меморандумлар имзолади. Эндиликда улар билан бирга амалий ҳаракатларни кучайтирган ҳолда чуқур таҳлиллар ўтказиб, у ёки бу соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ҳар томонлама асосланган таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланиши керак.
Яна бир муҳим йўналиш – назорат-таҳлил ишларидан иборат. Йил бошидан буён 20 дан зиёд турли мавзуларда ўрганишлар, таҳлиллар, сўров ва эшитувлар ўтказилди. Асосий эътибор ҳудудларга қаратилиб, аксарият ўрганиш ва таҳлиллар бевосита жойларга чиққан ҳолда, маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. 5 та ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари) ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари ҳолати ўрганилди.
“Сенаторларнинг саъй-ҳаракатлари билан жойлардаги айрим масалаларга ижобий ечим топилди. 2,5 мингдан зиёд аҳоли мурожаатлари кўриб чиқилиб, 1,6 мингдан ортиғи қонуний ҳал қилиш талаби билан мутасадди вазирлик, идоралар эътиборига ҳавола этилди. Ҳар учтадан битта мурожаат (34 фоиз) юзасидан ҳуқуқий ечимлар кўрсатилиб, қаноатлантирилди.
Сенаторларнинг бевосита аралашуви билан 200 га яқин мурожаатда кўтарилган муаммолар ижобий ҳал этилди.
Фаолиятимиз самарадорлиги ҳақида сўз борар экан, биз фақатгина олдиндан белгилаб олинган режали ишлар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Бинобарин, ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни, халқимиз, Президентимиз ишончини ҳис қилиб, янада эътиборли ва ташаббускор бўлишимиз керак”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА