Сенат Раиси аҳоли билан мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда “маҳаллабай” тизими, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида мазкур туманда бўлди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида раҳбарларнинг қуйи бўғинга тушиб, реал ҳолатни ўрганиши, одамларнинг оғирини енгил қилиши, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиши юзасидан топшириқлар беради.
Қайд этиш лозим ҳозирги кунда деярли барча соҳа раҳбарлари иш фаолиятини шу зайлда олиб бормоқда. Бу аҳоли фаровонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Сенат Раиси дастлаб «Алишер Навоий» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш шохобчасига ташриф буюрди. Илгари ташландиқ бўлган мазкур жойда айни дамда ўқув маркази, маҳалла кутубхонаси ҳамда аёллар учун тикувчилик цехи мавжуд.
Ўқув маркази бир вақтнинг ўзида 20га яқин ўқувчини сиғдира олади. Марказ замонавий компьютерлар ва махсус ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Бу ерда турли соҳа мутахассислари ўз йўналишлари бўйича дарс ўтиши мумкин.
Марказда «Устоз-шогирд» анъанасига асосида тикувчилик цехи ташкил этилган бўлиб, унда 5та замонавий тикув машинаси жойлаштирилган. Маҳалла хотин-қизлари учун махсус ўқув курслари ташкил этилган.
Т.Норбоева хотин-қизлар билан мулоқот қилар экан, аёллар бу ерда тикувчилик сир-синоатларини пухта эгаллашса, бу келажакда ўз бизнесларини йўлга қўйиш учун замин бўлишини таъкидлади.
Маҳалла кутубхонасидан бугунги кунда 5 мингдан ортиқ ҳуқуқий, бадиий ва жаҳон адабиётига доир китоблар ўрин олган. Ўқувчилар учун махсус электрон китоблар жамланмаси ҳам мавжуд. Шунингдек, Президент асарлари ва мамлакатимиз тарихига оид тарихий китоблар ҳам бор.
Марказдан сартарошхона ва техникаларни тузатиш устахонаси ҳам ўрин олган.Умуман, бу маскан маҳалла фуқаролари учун кундалик ҳаётда зарур бўладиган маиший хизмат кўрсатиш марказига айлантирилган.
Шу ерда Сенат Раиси аҳоли билан жонли мулоқот қилди.
– Ҳаммамизга маълум кейинги тўрт йилда давлат идоралари раҳбарлари, ҳокимлар, вазирлар, депутатлар халққа яқин бўлиб, пастга тушиб, муаммоларни ҳал қилиш бўйича янгича тизимда ишламоқда, – деди Сенат Раиси. – Қаранг, мамлакатимизда қанчадан-қанча ўзгаришлар бўляпти. Қиёслайдиган бўлсак, энг катта муаммо одамларда уй-жой билан боғлиқ муаммо бўлган экан. 5 йил олдин шаҳарни айланиб, қандай муаммо бор, деб сўрасангиз, одамлар муаммомиз йўқ, дерди. Гапиролмасди, гапиришга қўрқар эди. 4-5 оила битта уйда тиқилиб яшашган. Хотин-қиздар қўмитасида ишлаб юрганда ажримларни таҳлил қилганда аксарият ажримлар шу масала билан боғлиқ эканлигини билганмиз. Биринчи муаммо уйсизлик бўлса, иккинчи муаммо ишсизлик бўлган. Мана ҳозир ҳар қадамда уй-жой қурилмоқда. Арзон уйлар ҳам, қиммат уйлар ҳам қуриляпти. Ҳамма ўз имконига қараб оляпти. Бу йилдан бошлаб тилимизга ижтимоий уйлар деган ибора киритиляпти. Яъни биринчи тўловини тўлолмайдиган оилалар учун ижтимоий уйлар берилади. Бу уйлар ҳокимликларнинг балансида туради, оила қанча яшаса, яшайверади. Икки-уч йилда уй- жойга жуда катта эҳтиёж қолмайди. Яна бир нарсага урғу бермоқчиман, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” булар ўткинчи. Чунки, яқин йиллар ичида аҳоли фаровонлиги ошиб, ушбу дафтарларга эҳтиёж қолмайди. Мирзо Улуғбек тумани ҳақида гапирадиган бўлсак, бу туманнинг ўзига яраша файзи бор. Кўчалари обод ва кўркам. Жуда катта ўзгаришлар, янгиланишлар бўляпти. Шу билан бирга муаммолар ҳам бор, албатта. Масалан, ички йўллар таъмир талаблиги, трансформаторлар, электр симлари эскирганини айтиш мумкин. Булар албатта ҳал бўладиган муаммолар. Энг катта ютуқ, сизлар билан эркин гаплашадиган, фикрлашадиган бўлдик.
Маҳалла фуқаролари ҳам мулоқот давомида бир қатор масалаларни ўртага ташлади. Хусусан, эҳтиёжманд аҳоли вакиллари учун дорихоналардаги дорилар нархини имтиёзли равишда белгилаш, ажратилаётган кредитлар фоизини пасайтириш бўйича фикрлар билдирилди.
Шундан сўнг, Сенат Раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари «Чимён» МФЙ ҳудудида ташкил этилган аҳоли учун қулайликларга эга аллеяни кўздан кечирди.
Ҳудудда бугунги кунда кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳалладаги асосий кўп қатнов кўчасида олдин пиёдалар йўлаги мавжуд бўлмаган. Ушбу кўчада жойлашган чиқинди йиғиш шохобчалари бетартиб жойлашган эди.
Бугунги кунда Транспорт вазирлиги ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ушбу маскан аҳоли дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кўркам масканга айлантирилмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги замонавий “Diagnostic center” хусусий диагностика маркази фаолияти билан танишди.
Тиббий марказ томонидан «Аёллар дафтари»га киритилган ёки соғлиғида муаммоси бўлган маҳаллалар хотин-қизларига бепул тиббий кўриклар ташкил этиб келинмоқда. Маҳаллалардаги 120га яқин хотин-қизнинг мурожаати қаноатлантирилган ва тиббий кўрикдан ўтказилган. Тегишлилиги бўйича маслаҳатлар берилган.
Танзила Норбоева бу ерда онкологик касалликларни ҳам диагностика қилиш, текшириш хизматини йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди.
Диагностика маркази ва туман тиббиёт бирлашмаси доимий алоқаларни йўлга қўйган ва ташхис натижаларига асосан туман тиббиёт бирлашмаси ордерлар топширади.
Кейинги манзил Ҳамид Олимжон маҳалласидаги 1-кўп қаватли уйнинг ертўласида жойлашган хусусий тадбиркорлик субъектлари бўлди.
Ушбу тадбиркорлик субъектларининг асосий йўналиши тикувчилик ва безак бериш экан. Бугунги кунда ушбу марказда 12 нафар ходимга иш ўрни яратилган.
«Айгул» корхонаси худди шу манзилдаги 3 ва 4- уйларнинг ертўласида ҳам ўқув маркази, офис ва спорт маркази ташкил этган. Умумий ҳисобда учта кўп қаватли уйнинг ертўласида 62та янги иш ўрни яратилган.
[gallery-1776]
Нурилло Насриев, ЎзА