Сенат қўмита раиси Каттақўрғонда ислоҳотлар жараёни билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Баҳром Абдуллаев Самарқанд вилоятига сафари чоғида халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши депутатлари билан учрашди.
Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллаларда мавжуд муаммоларни манзилли ҳал этиш борасида фикр алмашилди. Хусусан, Каттақўрғон шаҳрида ижтимоий-иқтисодий дастурлар асосида амалга оширилаётган ишлар, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маълумотлар берилди.
Каттақўрғон шаҳридан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутатлар ва шаҳар Кенгаши депутатлари ўз сайлов округларида олиб бораётган ишлари, фуқаролар билан учрашувлар давомида аниқланаётган муаммолар ҳамда уларнинг ечими юзасидан амалга оширилаётган депутатлик назорати ҳақида сўз юритди.

Баҳром Абдуллаев ҳудудларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, аҳоли бандлиги, ижтимоий ҳимоя ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш борасида маҳаллий кенгашлар депутатларининг фаоллиги, депутатлик назоратини амалга ошириши муҳимлигини таъкидлаб, халқ вакилларига зарур тавсиялар берди.
Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Каттақўрғон давлат педагогика институтида ҳам бўлиб, бу ердаги таълим жараёнлари, муассаса моддий-техник базаси ҳолати билан яқиндан танишди. Шаҳарда ижтимоий соҳани ривожлантириш, ёшларнинг билим олиши ва касбий салоҳиятини ошириш, таълим сифатини янада яхшилаш борасидаги вазифалар юзасидан институт профессор-ўқитувчилари ва каттақўрғонлик фаоллар билан фикр алмашилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири