Бухорода мутолаа муҳити кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда китоб ўқиш, илмий-оммабоп адабиётлар ҳамда газета-журналлардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жорий йил август ойида вилоятда ўтказилган «Китобхонлик фестивали» доирасидаги танловларда 25 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олинди. «Энг китобхон мактаб», «Энг фаол китобхон ўқувчи», «Энг китобхон оила» каби йўналишлардаги танловлар эса мутолаа маданиятини оила ва таълим муассасалари муҳитида янада кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Бухоро шаҳрида ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган «Китобхонлар форуми» ҳам ташкил этилди. Унда ёш ижодкорлар, китобхонлар ва мутолаа тарғиботчиларининг ташаббуслари муҳокама қилинди.
[gallery-31562]
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказида ҳам китобхонликни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Жорий йил апрель ойида «Китобсевар миллат» шиори остида ташкил этилган республика «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида янги китоблар тақдимоти, маҳорат дарслари, мутолаа тадбирлари, ижодкорлар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Бухоронинг китобхонлик ва матбуот муҳитида тиббиёт йўналишидаги нашрлар ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, «Ибн Сино ворислари» нашри саҳифаларида таълим ва тиббиёт соҳасидаги янгиликлар, муҳим воқеалар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ютуқлари, маънавий-маърифий мавзулар ёритиб борилади.
Абу Али ибн Сино номи билан боғлиқ мазкур нашрда тиббиётга оид фойдали маълумотлар, илмий янгиликлар ва мутахассислар тажрибаси кенг ёритилиши тиббий саводхонликни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Бухорода асрлар давомида шаклланган илм-маърифат анъаналари бугун китобхонлик ва матбуот маданияти билан уйғунлашиб, ёшларнинг билим ва мутолаага қизиқишини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат) ЎзА