Сенат: озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади, мева-сабзавотчилик соҳаси давлат томонидан қўллаб-қувватланади
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан соҳадаги ишлар такомиллаштирилмоқда.

Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова суғориш тизимларини модернизация қилиш, томчилатиб суғориш ва бошқа илғор усулларни қўллаш орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилаётганини таъкидлади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни қўллаш кўлами 2,6 миллион гектарга етказилган. Шунингдек, 271 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Олиб борилган тадбирлар ҳамда жорий этилган сув тежовчи технологиялар натижасида 2,5 миллиард метр куб сув иқтисод қилинишига эришилган.

Ер участкаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, ерга оид муносабатларда тенглик, шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларни бозор активига айлантириш, фермер хўжаликларига, агросаноат кластерларига ва бошқа юридик шахсларга ер участкалари ажратилишининг ҳуқуқий асосларини белгилашда тегишли чоралар кўрилмоқда.

Қонун билан “Уруғчилик тўғрисида” ва “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунларга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг номи аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ўзининг ҳамда мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга берилган ариза, даъво ва шикоятлари юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аграр соҳадаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА