Семинар тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш масаласига бағишланди
Кўҳна ва боқий Бухорода ЮНЕСКО ҳамкорлигида тарихий обидаларни иқлим ўзгариши таъсиридан асрашга бағишланган халқаро семинар ўтказилмоқда. Унда жаҳон маданий меросини муҳофаза қилиш, тарихий иншоотларнинг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини ошириш ва бу борада илмий-амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
ЮНЕСКО томонидан “Ўзбекистондаги умумжаҳон мероси объектларига иқлим ўзгаришининг таъсири ва мослашув чоралари” мавзусида халқаро семинарни Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров кириш сўзи билан очиб, Бухоронинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, уни келажак авлодларга асл қиёфасида етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган хавф-хатарларни илмий жиҳатдан ўрганиш, уларнинг тарихий обидаларга таъсирини камайтириш ва олдини олишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Дарҳақиқат, иқлим ўзгариши бугун нафақат табиат ва экологик мувозанат, балки инсониятнинг кўп асрлик тарихий хотираси, меъморий мероси учун ҳам жиддий синовга айланмоқда. Ҳароратнинг кўтарилиши, намлик режимидаги ўзгаришлар, чўлланиш, кучли ёғингарчилик ва бошқа табиий омиллар тарихий биноларнинг конструкцияси, қурилиш материаллари ҳамда мустаҳкамлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, асрлар давомида табиий шароит билан уйғунликда шаклланган анъанавий меъморий иншоотлар учун бу жараёнларни олдиндан баҳолаш ва мослашув чораларини ишлаб чиқиш муҳимдир.


Бу жиҳатдан Бухоронинг халқаро семинар учун пилот ҳудуд сифатида танлангани бежиз эмас. 1993 йилда ЮНЕСКО нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган шаҳарнинг тарихий маркази нафақат миллий, балки умуминсоний қадрият ҳисобланади. Ундаги меъморий ёдгорликлар, қадимий маҳаллалар, анъанавий қурилиш услублари ва тарихий шаҳарсозлик муҳити халқимизнинг бой маданий тафаккури ҳамда бунёдкорлик анъаналарини ўзида мужассам этган.
Мазкур халқаро семинар Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ҳамда Маданий мерос агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Унда маҳаллий ҳокимлик органлари вакиллари, маданий меросни муҳофаза қилиш мутахассислари, меъморлар, реставраторлар, шаҳарсозлар, экологлар, туризм соҳаси вакиллари ҳамда тадқиқотчилар иштирокчи қатнашмоқда.
Амалий машғулотларга халқаро эксперт, Буюк Британиянинг Линкольн университети катта ўқитувчиси доктор Кэти Дейли (Dr Cathy Daly) раҳбарлик қилмоқда. Машғулотлар давомида иқлим ўзгаришининг тарихий обидалар ва анъанавий меъморий иншоотларга таъсири, мавжуд хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, шунингдек, уларнинг олдини олиш бўйича илмий-амалий ёндашувлар кўриб чиқилади.


Эътиборли жиҳати, мамлакатимизда маданий меросни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасида устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тарихий шаҳарларни ободонлаштириш, миллий меъморий меросни асраш, туризм салоҳиятини ошириш ва уларни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисмидир. Бунда асосий вазифа тарихий қиёфани сақлаш билан бирга, обидаларни замонавий экологик хавфлардан ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини шакллантиришдан иборат.
Зеро, Бухорони асраш — бу фақат тарихий биноларни сақлаб қолиш эмас. Бу халқимизнинг хотираси, миллий ўзлиги, меъморий тафаккури ва асрлар давомида шаклланган қадриятларини келажак авлодларга етказиш демакдир. Шу боис иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни муҳофаза қилиш масаласига илмий ёндашув, халқаро тажриба ва тизимли ҳамкорлик асосида ечим топиш алоҳида аҳамият касб этади.
Уч кун давом этадиган халқаро семинарда билдириладиган таклиф ва тавсиялар Бухоро тарихий марказини иқлим хавфларидан муҳофаза қилиш, унинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда келгуси авлодларга безавол етказишга қаратилган амалий чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири