Мағрур ҳилпирагин, Ўзбекистон байроғи!
Баъзи туйғуларни сўз билан ифодалаш осон эмас. Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва давлат рамзларига ҳурмат ана шундай туйғулар сирасига киради. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ҳам ҳар бир юртдошимиз учун мустақиллик, миллий бирлик ва Ватан қадрини мужассам этган муқаддас тимсолдир.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари соҳиби, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, шоира Зулфия Мўминова давлат байроғининг маънавий аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврига назар ташламайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат ва ғалаба рамзи бўлиб келган.
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган. 1992 йил 2 март куни эса мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиши муносабати билан миллий байроғимиз БМТ Бош қароргоҳи олдида кўтарилди.
Байроғимизга боққанимда, аввало, кўз олдимга Ватан келади. Онам, туғилиб ўсган тупроғим, кенг далаларимиз, дастурхонимиздаги нон, болалигим ва шу юрт билан боғлиқ азиз хотираларим ёдимга тушади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон байроғи мен учун оддий давлат рамзи эмас, балки қалбимга яқин, қадрли тимсолдир.
Байроқ ҳар биримизнинг қалбимиздан жой олган муқаддас рамз. Инсон ўз Ватанини қанчалик севса, унинг байроғини ҳам шунчалик ардоқлайди. Унга қараганимда қалбимда фахр ва ҳаяжон уйғонади.
Ватан байроғининг ортида катта тарих, аждодларимизнинг орзу-интилишлари ва жасорати мужассам. Унга боққанимда сарбадорлар жасорати, жадидлар орзу қилган озодлик, юртимиз мустақиллигини кўришни истаган аждодларимизни эслайман. Уларнинг кўпчилиги бугунги мустақиллик даврини кўришни орзу қилган, аммо бу бахт ҳаммага ҳам насиб этмаган. Шу боис бугунги тинч ва озод ҳаётимизнинг қадрига етишимиз керак.
Байроғимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳи олдида ҳилпираб турганини кўриш ҳар биримизга алоҳида фахр бағишлайди. Бу — Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда ўз ўрни, ўз овози ва мустақил сиёсати борлигининг ифодаси. Қаерда байроғимиз кўтарилмасин, унинг ортида бутун бир халқнинг орзу-интилишлари, ғурури ва шаъни турганини ҳис этамиз.
Байроғимиз бизга онамизнинг меҳрини, она тупроғимизни, нон ва кенг далаларимизни эслатади. Чунки Ватан муҳаббати, аввало, ана шу оддий, аммо биз учун бебаҳо қадриятлардан бошланади. Онамнинг меҳри, болалигим ўтган масканлар, юртимнинг меҳнаткаш инсонлари — буларнинг барчаси мен учун Ўзбекистон деган муқаддас тушунча билан боғлиқ.
Байроққа ҳурмат фақат байрамларда уни кўтариш ёки унинг олдида эҳтиром кўрсатиш билангина чекланмаслиги керак. Энг муҳими, унга муносиб бўлишдир. Ҳар биримиз ўз ишимизга масъулият билан ёндашсак, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшсак, давлатимиз рамзларига бўлган ҳурматимизни амалда намоён этган бўламиз.
Ёшларимиз ҳам байроғимизни севишларини, унинг тарихи ва маъносини чуқур билишларини, у билан фахрланишларини истайман. Зеро, бу байроқ бугунги авлоднинг ҳам, келажак авлодларнинг ҳам мустақиллик ва Ватан рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, Наманган вилояти Косонсой туманида давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги «Миллат байроғи!» шиори остида нишонланди. Тадбир аввалида Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ва Миллий гвардия иштирокида автокарвон ташкил этилди. Унда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этиб, давлат байроғи билан туман марказий кўчаси бўйлаб тантанали юришда қатнашди.
Туман марказидаги улкан байроқ олдида ўтказилган тадбирда меҳнат фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, давлат байроғининг мамлакатимиз мустақиллиги ва миллий бирлигини ифодалашдаги аҳамиятини таъкидлади. Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги Аҳиллик маҳалласи ҳудудида жойлашган 18-умумтаълим мактабида ҳам «БМТда ҳилпирайди Ўзбекистон байроғи» шиори остида байрам тадбири ўтказилди. Унда фахрий устозлар, нуронийлар, ўқитувчилар ва ўқувчилар иштирок этди. Ёшлар томонидан давлат байроғини мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро қилинди.
Фарғона вилояти Фарғона туманидаги “Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 40-давлат мактабгача таълим ташкилотида «Нуроний» жамғармаси туман бўлими ва маҳалла ҳамкорлигида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда «Нуронийлар маслаҳат кенгаши» фаоллари иштирок этиб, тарбияланувчиларга давлат байроғининг тарихи ва рамзий аҳамияти ҳақида тушунчалар берди.
Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва давлат рамзларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ватаним байроғи
Жонимнинг жонида юксалган байроқ,
Юрагим ёнида юксалган байроқ.
Ўпсам, елкам узра қанотлар пайдо,
Меҳр уммонимда юксалган байроқ.
Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон байроғи.
Ҳақли ҳаққойиқлар ўпарлар сени,
Ўпишга лойиқлар ўпарлар сени.
Ерда маликалар ўпарлар сени,
Кўкда малойиклар ўпарлар сени.
Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон байроғи.
Сарбадорлар шонида юксалган байроқ,
Жадидлар армонида юксалган байроқ.
Тирик кўмилганлар кутган байроғим,
Алвасти кўприклардан ўтган байроғим.
Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон байроғи.
БМТ пештоғида юксалган байроқ,
Ўзбекистон боғида юксалган байроқ.
Кўзлар чамоғида юксалган байроқ,
Меҳр ардоғида юксалган байроқ.
Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон байроғи.
Ўпсам, онам ҳиди келади сендан,
Нону далам ҳиди келади сендан.
Виждон чақириғи келади сендан,
Зафар чақириғи келади сендан.
Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон байроғи.
Эй, рамзи салтанат, эй, рамзи қудрат,
Эй, рамзи садоқат, эй, рамзи давлат.
Сени кўзга суртсам, кўзимга қувват,
Мағрур ҳилпирагин абадул-абад,
Ўзбекистон байроғи, Ўзбекистон байроғи.
Барчамизнинг қалбимизда бир эзгу тилак бор: байроғимиз доимо тинч осмонимизда мағрур ҳилпираб турсин! Юртимиз тинч, халқимиз омон, осмонимиз мусаффо, фарзандларимиз бахтли бўлсин!
Мағрур ҳилпирагин, Ўзбекистон байроғи!
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.