Сектор раҳбарлари ёшлар билан учрашди
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “КЕLАJАК” ёшлар марказида сектор раҳбарлари ёшлар билан учрашди.
Учрашувда туман ҳокими ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, таклиф ва мурожаатларни тинглаб, атрофлича муҳокама қилди.

– Учқудуқ туманида нимаики эзгу ишларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз суянамиз, – деди туман ҳокими Соли Ҳамроев. – “Ёшлар саноат зонаси”даги ўнлаб лойиҳалар сиз каби ёшлар ташаббуслари билан амалга оширилмоқда. Бу ердаги 22 та лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 67 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, 51 нафар йигит-қизнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 975 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Жорий йил ўтган 6 ойида “Ёшлар дафтари”га кирган 165 нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 569,5 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 81 нафар талабанинг контракт пули, 12 нафар йигитнинг 68,8 миллион сўм миқдоридаги сафарбарлик чақируви резерви учун белгиланган бадал пуллари тўлаб берилди.

Учрашувда туман миқёсида ижодий кечалар ўтказиш, кинозал ташкил этиш, муқобил энергия ишлаб чиқариш, яъни қуёш батареяларидан кенг фойдаланиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашувда ёшлар томонидан билдирилган 20 га яқин таклиф ҳамда мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича ташкилот ва идоралар мутасаддилари томонидан назоратга олинди.
Учрашув сўнгида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган 14 нафар ёшлар етакчиларига хизматда фойдаланиш учун компьютер жамланмаси ва камералар берилди.

“Ёшлар ойлиги” доирасида бўлиб ўтган турли мусобақаларда интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан барчага ўрнак бўлган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирилди. Жумладан, “Заковат” интеллектуал ўйинининг Учқудуқ туман босқичида биринчи ўринни қўлга киритган “Юксалиш”, “Зукко китобхон” танловида туман ва вилоят босқичларида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган “Узунқудуқ” жамоаси аъзоларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

А.Бўриев, ЎзА