Сектор раҳбари тадбиркорлар билан учрашди
Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Р.Насимов вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.
Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Р.Насимов вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.
Карантин даврида вақтинча фаолиятини тўхтатган ва айрим қийинчиликларни бошидан ўтказаётган тадбиркорларга амалий кўмак бериш, муаммоларини ўрганиш ҳар бир мутасадди раҳбарнинг вазифаси. Шу боисдан, вилоят 4-сектор раҳбари ҳам бу вазиятга фавқулодда ҳолат дея қараб, тадбиркорлар билан шахсан юзма-юз учрашди.
“Ishonch gilam” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона фаолиятини давом эттирмоқда. Бироқ, корхонада ишлаб чиқарилаётган гилам маҳсулотларини ички бозорга етказиш мақсадида савдо нуқтаси ташкил этишда муаммо мавжуд эди. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи кўмагида Навоий савдо комплексига қарашли буюм бозори атрофидан махсус жой ажратилди. “Edem textile” масъулияти чекланган жамиятида табиий пахтадан, бўз йигириш йўлга қўйилган. Бироқ корхона раҳбарияти транспорт воситалари ҳаракатланиши чеклангани сабабли ишчиларнинг келиб-кетишида қийинчиликлар юзага келаётганини маълум қилди. Шу куннинг ўзида ишчиларни ташиш учун 1 та транспорт ҳаракатланиши учун рухсатнома олиб берилди.

Мебель ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Navoiу FSK” масъулияти чекланган жамиятида ҳам ишчилар қатновида транспорт муаммоси ва кредит билан боғлиқ масала мавжуд эди. 4-сектор раҳбари аралашуви билан ҳар иккала масала ўз ечимини топди.
Дарҳақиқат, бугунги синовли даврда корхоналар ўз фаолиятини барқарор давом эттиришида сектор раҳбарларининг ҳам кўмаги юксак аҳамиятга эга.